Ссылки доступа

Тожикистонда ҳарбий хизматдан бўйин товлаган йигит қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Архив фото
Архив фото

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурий маркази Хоруғлик фуқаро ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Сорбон Комилов “ҳарбий хизматни ўташдан қасддан бўйин товлагани ва узрсиз сабабларга кўра чақирув қоғози бўйича ҳарбий комиссариатга келмаганлиги” учун жазони ижро этиш колониясида ўташга ҳукм қилинди.

Бу ҳақда 1 апрелда, баҳорги ҳарбий хизматга чақирув кампаниясининг биринчи кунида Тожикистон Бош прокуратураси маълум қилди.

Тожикистонда муддатли ҳарбий хизмат мажбурий бўлиб, ҳарбий хизматдан бўйин товлаш жазога тортилади.

Сорбон Комилов 2022 йил март ойида ҳарбий комиссарликка тиббий кўрикдан ўтиш учун чақирилган, бироқ ўша йилнинг 1 апрелида у “узрли сабабларсиз” ҳарбий комиссарликка келмаган.

“Ҳарбий комиссарликдан чақирув ва тегишли тузилмалардан қайта-қайта таклиф олиб, ҳарбий хизматга чақиришдан қасддан бўйин товлаган”, — дейилади прокуратура хабарида.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, биргина 2022 йилда ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун 108 нафар йигит жавобгарликка тортилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳарбий хизматни ўташ учун зарур шарт-шароитнинг йўқлиги, аскарларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ва баъзан ҳарбий хизматчиларнинг ўлими ва жароҳатланишига олиб келадиган «дедовшина» ёшларнинг Тожикистонда хизмат қилишни истамаслигининг асосий сабабларидандир.

XS
SM
MD
LG