Қозоғистон чегара ҳудудлардаги қишлоқларда қишлоқ меҳнаткашлари учун 2855 та ижара уй-жой қуриш режалаштирилган. Бунинг учун 14,3 миллиард тенге (жорий курс бўйича 31,7 миллион доллар) ажратилади.
"Лойиҳаларни имтиёзли молиялаштириш Саноат жамғармасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Қишлоқларда уй-жой масаласини ҳал қилиш мақсадида ўз ходимлари учун ижара уйлари қурган иш берувчиларнинг харажатларини субсидиялаш механизми ишга туширилади. Ушбу механизм доирасида қишлоқ меҳнаткашлари учун 2855 та уй-жой қуриш режалаштирилган”, — деди Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Марат Карабаев йиғилишда.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жой қурилишини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили 22 минг ер участкаси муҳандислик коммуникациялари билан таъминланади.
Қосим-Жомарт Тоқаев 2023 йил 29 март куни парламентнинг янги чақириқ биринчи сессиясида сўзлаган нутқида ҳукумат чегара ҳудудларига жойлашиш истагида бўлган фуқаролар учун арзонроқ уй-жой қуриш масаласини ҳал қилишда янги ёндашувларни ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлади.
Қозоғистонда 65 та чегарадош вилоятлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, мамлакат раҳбариятига кўра, паст даражада. Бунга сабаб иқтисодий омиллар, самарасиз маъмурий-ҳудудий бўлиниш эканлиги айтилади.