Ссылки доступа

Боку ва Олмаота ортидан Тошкентда ҳам Россиянинг “Жара”си бекор қилинди (ВИДЕО)


"Жара" мусиқа фестивали Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиши режаланган эди.
"Жара" мусиқа фестивали Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиши режаланган эди.

iTicket чипталар сотиш хизмати 3 апрель куни Тошкентда 20−21 майда ўтказилиши режалаштирилган Россиянинг “Жара” фестивали номаълум муддатга қолдирилгани тўғрисида маълум қилди.

“Афсуслар бўлсинки, жаҳондаги бугунги вазият кенг қамроқли мусиқа тадбирларини ўтказиш учун қулай эмас”, дейилади iTicket билдирувида.

Айни пайтда iTicket Россия қўшиқчиларидан иборат бўлган “Жара” фестивали “мамлакатлар ва авлодларни бирлаштирувчи қуёш, мусиқа ва дўстлик байрами” эканини иддао қилади ва фестивал учун сотиб олинган чипталарни телеграм орқали қайтариш мумкинлигини билдирган.

Озодлик радиоси 28 март куни “Z батальони” ёки “путинпарастлар тўдаси” дея танқид қилиниб, Озарбайжон ва Қозоғистонда тақиққа учраган Россиянинг “Жара” мусиқа фестивали бу йил Тошкентда ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.

Ўттиздан ортиқ россиялик санъаткорлар иштирокидаги мусиқа фестивали 23 май куни пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилиши режаланган эди. Тадбир ташкилотчилари Олмаотада ўтказилиши режаланган тадбирнинг Тошкентга кўчирилишига “русофобия сабаб бўлгани”ни иддао қилган эдилар.

“Русофоб кайфияти ташкилотчиларни жойни ўзгартиришга мажбур қилмоқда: Олмаотада 9-12 март кунлари бўлиб ўтиши керак бўлган очиқ осмон остидаги “Жара” фестивали Тошкентга кўчирилмоқда. Бунинг сабаби Қозоғистон ижтимоий тармоқларидаги фаол русофобиядир”, деб билдирган эди ўшанда тадбир ташкилотчилари.

“Жара” мусиқа фестивалининг Тошкентда ўтказилиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг норозилигига сабаб бўлди. Тармоқда бу фестивални байкот қилиш чақириқлари кўпайган эди.

Авваллари Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказиб келинган мазкур фестивал норозиликлар ортидан тақиқланган эди. Шундан сўнг бу тадбир 9-12 март кунлари Олмаотада ўтказилиши билдирилганди. Аммо қозоғистонликларнинг ушбу фестивалга қарши кенг кўламли виртуал норозилик акцияси туфайли Олмаотада ҳам бу тадбирнинг ўтказилиши бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG