Ссылки доступа

Путин: Россиядаги терактларда Ғарб разведка хизматлари иштирок этган


Иддаоларига далил келтирмаган Владимир Путин, тахминанларига асослари борлигини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, “ҳукумат амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, журналистлар ва жамоат арбобларига қарши мунтазам равишда терактлар уюштирилмоқда”.

Бу ҳақда у 5 апрель куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украинанинг босиб олинган ерларида хавфсизликни таъминлаш масаласи, шунингдек, Россия шаҳарларидаги портлашлар муҳокама қилинди.

“Ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, журналистлар, жамоат арбоблари, мактаб ва университет ўқитувчиларига қарши мунтазам равишда террорчилик ҳужумлари уюштирилмоқда”, - деди Путин ва ишғол қилинган ҳудудлар ҳам Россия ҳам Украина шаҳарларига тегишли эканлигини қўшимча қилди.

Унга кўра, “саботаж ва терактлар”ни тайёрлашда нафақат Украина кучлари, балки Ғарб разведка хизматлари ҳам иштирок этмоқда.

“Бундай қўпорувчилик ва терактларни тайёрлашда учинчи давлатларнинг салоҳияти, Ғарб разведка хизматлари иштирок этмоқда, дейишга барча асослар бор”, — деди Путин.

Путин, шунингдек, босиб олинган ҳудудларнинг интеграциялашувини тезлаштириш ва ҳарбий ҳаракатлар пайтида вайрон бўлган шаҳарларни тиклаш суръатларини тезлаштиришга чақирди.

Украина ҳарбийлари ва ҳукумат амалдорлари Киев ҳозирда Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни қайтариб олиш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган. Шу мақсадлар билан Украина армиясининг кенг кўламли ҳужумига тайёргарлик кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG