Ссылки доступа

Қўқонда қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатилгани ҳолати бўйича ОТМ проректори дохил тўрт ходим ишдан олинди


Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида толибалар хонасига яширин камера ўрнатилгани ҳолати юзасидан бу иш учун бевосита масъул бўлган проректор дохил тўрт нафар ОТМ ходими ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик баёнотида талаба қизлар шикояти назорат остига олингани айтилган.

“Вазирлик инсон шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, шахсий маълумотларни очиқлашга уриниш каби хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралайди, ушбу ҳолатни талаба-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш деб баҳолайди. Ҳеч ким инсон эрки ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳақи йўқ, деб ҳисоблайди”, дейилган хабарномада.

Вазирлик воқеа иштирокчиси бўлган қизларнинг тазйиқсиз таълим олишлари кафолатланиши урғулаган ҳамда воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ишлари давом эттирилаётгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтида ўқийдиган талаба қизлар ўзлари яшайдиган ётоқхонадаги хоналардан бирига яширин видеокузатув камераси ўрнатилгани ҳақида Kun.uz нашрига маълум қилишган. Бу иш бўйича ректоратга арз қилган қизлар институт ректори Дилноза Хўжаевадан бу борада танбеҳ ҳам эшитишган.

Ҳодиса ОАВ ва ижтимоий тармоқларга қизғин муҳокама қилина бошлаганидан сўнг Қўқон педагогика институти яширин камера ўрнатилганини тан олган, айни пайтда “ҳолат ҳақида талабалар ўз вақтида огоҳлантирилмагани, оқибатда бу англашилмовчилик юз бергани”ни билдирган эди. Ушбу мавзу Озодликнинг OzodNazar кўрсатувида ҳам мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG