Ссылки доступа

Мирзиёевга ишониб миллионлаб доллар кредит олган тадбиркорлар банкротлик ва қамоққа юз тутмоқда


Бухоролик тадбиркор бу музхонани 2015 йилда 240 минг доллар кредит олиб қурган эди. 2017 йилги сўм девальвациясидан сўнг, кредит тўрт бараварга қимматлади.
Бухоролик тадбиркор бу музхонани 2015 йилда 240 минг доллар кредит олиб қурган эди. 2017 йилги сўм девальвациясидан сўнг, кредит тўрт бараварга қимматлади.

Ўзбекистонда 2017 йилдаги валюта либерализациясидан аввал кредит олган юзлаб тадбиркор банкротликка юз тутмоқда.

Давлат дастуридаги режа асосида иссиқхона, музлатгич қуриш, интенсив боғ яратиш учун юз минглаб, миллионлаб доллар кредит олган бу тадбиркорларнинг қарзи бир куннинг ўзида икки бараварга кўпайди.

Чунки 2017 йилнинг 2 сентябригача 1 АҚШ доллари 4100 сўм эди, валюта либерализациясидан сўнг 8100 сўмга кўтарилди.

Банклар тадбиркорлардан кредитни долларнинг янги қийматида қайтаришни талаб қила бошлади. Қарзи бирданига икки-уч бараварга кўпайган тадбиркорлар бирин-кетин сина бошлади, қарзини қайтаролмаётганлар устидан жиноят ишлари очилди, бир қанчаси қамоққа олиниб озодликдан маҳрум этилди ва бир қанчаси устидан суд жараёни давом этмоқда.

Тадбиркорларнинг айтишларича, давлат дастури асосида ишлайман деган ишбилармонларни давлатнинг ўзи бирин-кетин синдирмоқда. Судлар эса давлат томонда, тадбиркорнинг манфаатини ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти.

Бухоро шаҳрида яшайдиган тадбиркор Шавкат Қудратов 2015 йилгача фақат ўзбек сўмида кредит олиб ишлаб келган.

Унга давлат дастури режаси асосида валютада кредит таклиф қилишганида аввал рад қилган, кейин ваъдаларга ишониб қабул қилган.

“Судларда менга саволлар бўляпти, сиз билгансиз долларнинг ошишини деб. Мен, ҳа билганман, инкор қилмайман, лекин бир ҳафтада 10-20 сўм ошиб боришини билганман. Бу табиий жараён эди биз учун. Лекин мен бир кунда икки бараварга ошиб кетишини билмаганман. Лекин Фуқаролик тўғрисидаги кодекснинг 383-моддасида яққол “кўзда тутилмаган ҳар қандай ҳолатлар тадбиркор фойдасига ҳал бўлади” деб, ёзилган. Доллар бир кунда 4100дан 8100 сўмга, яъни 100 фоизга ошиб кетишини билмаганман. Мен бунга айбдор эмасман. Билганимда бу кредитни ҳаётимда олмаган бўлар эдим”.

Шавкат Қудратов кредитни расмийлаштирган 2015 йилда 1 АҚШ долларининг расмий курси 2692 сўм бўлган.

Энди у олган ҳар бир доллар учун 11 минг 400 сўм тўлаши керак бўлади.

Тадбиркорларга кўра, валюта либерализациясидан сўнг кўплаб ўзбек ишбилармонлари таназзул ёқасида қолган.

Ўзбекистонда 2016-2017 йилларда президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифида унга кўрсатиш учун фермерларга ва тадбиркорларга иссиқхона, интенсив боғ, музлатгич камералар учун валюта кредитлар олдирилган. Президент Администрацияси, тўртлик (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ) ва банкирлар томонидан лойиҳаларни ижро этилиши назорат қилиб борилган. Тадбиркорларга кўра, валюта кредит маблағларини қайтариш сўмда (курс 2800-2900 сўм миқдорида) амалга ошириладиган имтиёз берилиши ҳақида ваъдалар берилган.

Валюта бозорини либераллаштириш ҳисобига кредит олган фермер ва тадбиркорлар зарар кўришни бошлади. Банкирлар эса прокуратура органлари билан келишилган ҳолда, босим йўллари билан, кредитларни ундиришга уринишяпти.

Банклар рўйхат тузиб кредит маблағларини ундириб бериш ҳақида вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, тўламаса қонуний чоралар кўришни талаб қилмоқда. Тадбиркорларга кўра, аслида банк ва мижозлар орасидаги муаммолар Хўжалик судларида кўрилиши ва бунга прокуратура аралашмаслиги керак.

Кредитни тўлай олмаган тадбиркорлар асосан, Жиноят кодексининг 167 модда(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205 модда(ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG