Ссылки доступа

Тожикистон фуқароси милиция ходимлари унинг 16 ёшли ўғлини зўрлаш билан қўрқитганидан шикоят қилди


Рашт туманида яшовчи фуқаронинг даъво қилишича, милиция ходимлари сўроқ пайтида унинг ўғлидан “жиноятга иқрор бўлишини ёки иштонини ечишни” талаб қилган. Маҳаллий милиция бўлими бу даъвони рад этди.

Милиция ходимлари 30 март куни Навобод қишлоғида содир бўлган ўғирлик иши бўйича тергов доирасида 16 ёшли ўқувчини сўроқ қилган.

Туман прокуратураси терговчилари ўсмирни сўроқ қилиш чоғида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ва ўғирлик бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Прокуратурада милиция ходимларини сўроқ қилиш кетма-кет тўрт кун давом этган. “Тергов давом этмоқда, жиноят иши ҳали очилгани йўқ”, — деди «Озодлик» манбаси.

Ўсмирнинг отаси M.C.нинг 6 апрель куни айтишича, ўтган жума куни ўғли прокуратурада милицияга дуч келган.

“Ўғлим терговчиларга сўроқ пайтида нима бўлганини ҳаммасини айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, милиция уни савдо дўконидаги ўғирликни тан олишга мажбурлаган. Ўғлим ҳеч нарса ўғирламаганини айтганида, милиционерлардан бири унинг қулоғидан ушлаб, бошини деворга урган. Шундан сўнг ўғлимдан шимини ечишни сўрашган. У уялган. Кейин милиционерлар унинг шими ва ички иштонини мажбуран тушириб, зўрлаш билан қўрқитган. Ҳар икки милиция ходими тергов давомида бундай қилмаганликларини айтишган”, — деди M.С.

Тергов 29 мартга ўтар кечаси номаълум шахслар Рашт тумани Яшм қишлоғидаги савдо дўконини талон-тарож қилиб, қиймати 6000 сомоний (550 доллар) бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб кетганидан сўнг ўтказилган.

Тожикистонда қийноқ фактлари бўйича жиноий ишлар, қоида тариқасида, жуда кам учрайди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик фаолларининг айтишича, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалалар мамлакатнинг ҳамма жойида қўрқитиш мақсадида ҳам, айбига иқрор бўлиш учун ҳам қўлланилади.

XS
SM
MD
LG