Ссылки доступа

Қирғизистонлик депутатлар Бишкек мэрини бевосита сайлашга оид қонун лойиҳасини рад этишди


Қирғизистон парламенти депутатлари Бишкек шаҳрига мэрни тўғридан-тўғри сайлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда рад этишди. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, мазкур ташаббус депутатлардан 13 нафари томонидан ёқланган, 38 нафар депутат эса бунга қарши чиққан.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Жўғўрқу Кенешдаги “Альянс” фракцияси Бишкек мэрини бевосита сайлашга оид қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун олиб чиққан эди. Қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири бўлган депутат Жанар Ақаев Бишкек мэрини тўғридан-тўғри сайлаш барқарорликка олиб келишини билдирган. Март ойи ўртасида депутат Вазирлар маҳкамаси мазкур қонун лойиҳаси бўйича манфий хулоса берганини маълум қилган.

2021 йилнинг октябрь ойигача шаҳарларнинг мэрлари шаҳар кенгаши депутатлари томонидан сайланган, номзодлар эса фракциялар ва бош вазир томонидан кўрсатилган. Бироқ кейинчалик маҳаллий давлат маъмурияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун имзоланиб, унга мувофиқ, мэрлар президент томонидан тайинланадиган бўлган.

Парламентнинг аввалги чақириқларида ҳам мэрларни тўғридан-тўғри сайлов йўли билан сайлаш механизмини жорий этиш ташаббуси кўтарилган, бироқ бу ташаббус қўллов топмаган.

XS
SM
MD
LG