Ата-Бейитда президент Садир Жапаров, собиқ президент Сооронбай Жеенбеков ва бошқа расмий шахслар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Улар 2010 йил апрель халқ инқилобида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Бишкекда ушбу санага бағишланган хотира маросими бўлиб ўтди. Апрель воқеалари иштирокчилари ва қурбонларнинг яқинлари Қирғизистон парламенти биноси ёнида 2002 йилдаги Ақси ва 2010 йилги апрель воқеалари қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйишди.
“Мақсадларимизга қисман эришдик. Биз суддан адолатни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, прокурорлардан ўз вазифаларини тўғри бажаришни талаб қилдик, клан бошқарувига қарши чиқдик. Улар ҳокимиятдан кетишди, лекин эски сиёсатчилар ҳали ҳам сиёсатда. Айниқса, ҳозирги ҳукуматнинг қон тўкган Бакиевларни оқлашга уринаётгани бизни қайғуга солди”, - дейди апрель инқилоби иштирокчиларидан бири Конушбек Дўлоталиев.
2010 йил апрель ойида Қирғизистонда президент Қурманбек Бакиевнинг оилавий бошқарувига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 6 апрель куни Норин ва Талас вилоятларида митинглар бўлиб ўтди, унда намойишчилар вилоят ҳокимликлари биноларини эгаллаб, халқ ҳокимияти ўрнатилишини эълон қилди.
Ўша кунларда Бишкек, Талас ва Ўшда мухолифат етакчилари ҳибсга олина бошлади. 7 апрель куни уларнинг озод этилишини талаб қилиб чиққан намойишчилар Бишкекдаги “Оқ уй”ни эгаллаб олишди. Намойишчиларга қарата ўқ узилиши оқибатида 87 киши ҳалок бўлган.
Бу воқеалар ҳукуматнинг ағдарилишига олиб келди. Қурманбек Бакиев ва унинг яқинлари, шунингдек, уларга яқин бўлган бир қатор амалдорлар мамлакатни тарк этишган.
Апрель воқеалари бўйича суд жараёни бир неча йил давом этди. Натижада 28 нафар айбланувчига нисбатан ҳукм чиқарилди. Қурманбек Бакиев ва унинг катта ўғли Марат ҳар бири сиртдан 30 йилга, Жаниш ва Максим Бакиевларга эса умрбод қамоқ жазоси тайинланган.