Ссылки доступа

Фатво маркази блогернинг қамалишига сабаб бўлган E120 ҳаром эмаслигини билдирди


Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фатво маркази қизил рангли бўёқ моддаси бўлган кармин ҳаром экани тўғрисидаги иддаоларни рад этди. Ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинадиган кармин халқаро стандартлар бўйича Е120 рақами остида белгиланади.

Фатво марказининг билдиришича, Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида: “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”, - дейилади.

Ҳанафий мазҳаби алломаларидан бири Камол ибн Ҳумом эса “Фатҳул-Қодийр” китобида: “Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”, - деб таъкидлаган.

Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: “Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади”.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фатво маркази юқоридаги манбаларга таянган ҳолда E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани ҳақида билдирган.

Фатво маркази айни пайтда “айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор”лигини таъкидлаган.

“Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Валлоҳу аълам”, - дейилади фатвода.

Аввалроқ Озодлик 5 апрель куни кармин E120 моддаси борлиги учун йогуртлар ҳаром экани тўғрисидаги видеони эълон қилган Аctivist лойиҳаси блогери Ҳожиакбар Носиров 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан 15 суткага қамалгани тўғрисида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG