Муҳожирларнинг сўзларига кўра, Украинага қарши урушда қатнашиш эвазига уларга юқори маош, хизматдан кейин турли ижтимоий имтиёзлар, энг муҳими, соддалаштирилган шаклда Россия фуқаролиги ваъда қилинган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва блогер Жўрабек Амонов Марказий Осиёликларни ишга олиш кампанияси ҳақида ижтимоий тармоқда видео жойлади.
“Шартнома хизмати асосан Россия фуқаролигини олмоқчи бўлганларга таклиф этилади. Уларга олти ой ёки бир йил ичида Россия паспорти ваъда қилинади. Мигрантларга катта пул ҳам таклиф қилинади. Биздаги маълумотларга кўра, Россия армиясида хизмат қилишга рози бўлган муҳожирларнинг 99 фоизи ҳалок бўлган. Биз мигрантларга урушга боришга рози бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушунтирамиз”, — деди блогер.
Муҳожирлар урушга 2022 йил сентябрь ойи охиридан фаол жалб этила бошланди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Давлат Думаси армияга борган чет элликлар учун соддалаштирилган тартибда фуқароликни бериш ҳақида конун қабул қилди. Сахарова раҳбариятининг илтимосига кўра, октябрь ва ноябрь ойларида Москва автобусларига ўзбек, тожик ва қирғиз тилларида ташвиқот хабарлари жойлаштирилди.
Муҳожирлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, шартномавий хизмат ва “яхши маошли иш ўринлари” ҳақидаги эълонларни энди ётоқхоналар, жамоат транспорти ва Россия шаҳарлари кўчаларидаги билбордларда учратиш мумкин.
Россияда яшовчи тожик ҳуқуқшуноси Шуҳрат Қудратовнинг айтишича, сўнгги ойларда Россиянинг барча йирик шаҳарларида Вагнер компаниясининг сайловолди баннерлари ва плакатлари пайдо бўлган. “Хусусий ҳарбий компания муҳожирларни Украинадаги урушда қатнашиш учун шартнома асосида хизмат қилишга очиқ таклиф қилса, бу «юқоридан» расмий рухсат олганлигини англатади”, дейди Қудратов.