Ссылки доступа

АҚШнинг Тожикистондаги янги элчиси фуқаролик фаоллари билан мунтазам учрашиш ниятида


АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Мануэл Микаллер

АҚШнинг Тожикистондаги янги элчиси Мануэл Микаллер 12 апрель куни Душанбедаги биринчи матбуот анжуманида дипломат фуқаролик жамияти вакиллари билан мунтазам учрашиб туришни режалаштираётганини таъкидлади.

Мануэл Микаллер Тожикистон ҳукумати барча халқаро мажбуриятлар ва асосий инсон ҳуқуқлари мустаҳкамланган мамлакат Конституцияси нормаларини бажаришига ишонч билдирди. “АҚШ инсон ҳуқуқлари, диний эътиқод, матбуот ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашда давом этади”, - деди дипломат.

АҚШ элчисининг баёноти АҚШ дипломатик миссияси инсон ҳуқуқлари масалаларига эътибор бермаётгани учун танқид қилинаётган бир пайтда янграмоқда.

Журналистларнинг шу мавзудаги саволига жавобан Мануэл Микаллер дипломатлар ҳукумат, фуқаролик жамияти ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини қайд этди.

Мануэл Микаллернинг айтишича, Қўшма Штатлар Тожикистонга хавфсизлик ёрдамини кўрсатишда давом этади.

Тожикистон ўтган йил давомида инсон ҳуқуқларини доимий равишда бузгани учун халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан бир неча бор танқид қилинган. АҚШ Давлат департаменти 20 март куни эълон қилган 2022 йилги Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал ҳисоботида Тожикистонни авторитар давлат деб атаган ва ҳукуматни фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётганликда танқид қилган.

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, 29 йил давомида Қўшма Штатлар республикага 1,8 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.

XS
SM
MD
LG