Ссылки доступа

Туркманистон президенти Қадр кечаси муносабати билан 460 дан ортиқ маҳкумни афв этди


Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Рамазон ойидаги муборак Қадр кечаси муносабати билан судланган 463 нафар фуқарони афв этди.

Давлат раҳбари тегишли қарорни ҳукуматнинг 2023 йил биринчи чораги якунларига бағишланган мажлисида имзолади. Ҳужжат афв этилган шахсларни асосий қамоқ жазосини ўташдан озод қилади.

Давлат раҳбари афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолар экан, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, мудофаа вазири Бегенч Гундогдиевга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари билан биргаликда афв этилган фуқароларнинг тезроқ оилалари бағрига қайтиши учун чоралар кўришни топширди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари ҳамда бошқа раҳбарларга афв этилган шахсларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш топширилди.

Қадр кечаси (Рамазон ойининг 27-кечаси) исломда энг муқаддас кечалардан бири бўлиб, бу йил 17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечаси нишонланади.

Туркманистон президенти ҳар йили Қадр кечаси арафасида мамлакатда муқаддам судланган фуқароларга амнистия эълон қилади. Ўтган йили республика раҳбари қарори билан 514 нафар фуқаро озодликка чиқарилган.

XS
SM
MD
LG