Ссылки доступа

Остона Толибонни элчихона биноси билан таъминлайди, аммо "тан олмайди"


Қозоғистон элчихонасида Толибон дипломатлари иш бошлайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган брифингда департамент расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг янги маъмурияти Қозоғистондаги дипломатларини аккредитация қилиш учун ҳужжатларни тақдим этган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари уларнинг илтимосига ижобий жавоб берди.

ТИВ вакили таъкидлаганидек, Афғонистонда аввалги режим 2021 йил августида қулаган. Ўшандан бери мамлакатнинг хориждаги элчихоналари ўз фаолиятини тўхтатди. Ўша даврдан бери Толибон мамлакат бошқарувида. Айни пайтда Қозоғистон, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятида. Қозоғистон БМТнинг Толибонга нисбатан позициясига амал қилган ҳолда Толибон билан дипломатик алоқаларни ривожлантирмайди.

Қозоғистондан ташқари, Афғонистоннинг янги ҳокимиятлари билан иқтисодий ҳамкорликни қатор давлатлар – Россия, Хитой, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқалар ривожлантирмоқда. Халқаро ҳамкорларнинг вазифаси афғон халқини озиқ-овқат, кийим-кечак ва дори-дармон билан таъминлашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё ва Ҳиндистон давлатларини «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонни мисли кўрилмаган қийинчиликлар билан ёлғиз қолдирмасликка чақирган эди.

Ўтган ҳафта охирида Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо вазирлиги раҳбари Серик Жумангарин гуманитар ва савдо миссиялари билан Кобулга ташриф буюрди. Қозоғистон Афғонистон халқига дори-дармон совға қилди. Қозоғистондан мамлакатга етказилган инсонпарварлик ёрдамининг умумий оғирлиги 5403 тонна ёки 81 вагонни ташкил қилди.

Бундан ташқари, Афғонистонда қозоқ-афғон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ҳирот шаҳрида Қозоғистон савдо уйи очилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Қозоғистон томонидан Афғонистонга жўнатиладиган асосий экспорт маҳсулоти ундир. Афғон халқи томонидан истеъмол қилинадиган уннинг 90 фоизи қозоқлардандир.

XS
SM
MD
LG