Ссылки доступа

Безориликда гумонланган ногиронни ушлаш учун ниқобли ИИБ ходимлари ташланди


Безориликда айбланган ногирон фуқарони ушлаш учун қора ниқобли орган ходимлари ташланган.
Безориликда айбланган ногирон фуқарони ушлаш учун қора ниқобли орган ходимлари ташланган.

Безориликда гумонланган, Наманган шаҳар, Марғилон МФЙ яшовчи 34 яшар Шерзод Умаровни ушлаш учун унинг уйига 6 апрель куни 50дан ортиқ ниқобли ва ниқобсиз ИИБ ходимлари ташланди.

Ўзини таништирмаган ва ҳеч қандай ордер кўрсатмаган ИИБ ходимларининг ноқонуний босқинига қаршилик кўрсатган Шерзод Умаровнинг онаси ва икки синглисини шафқатсиз калтаклангани иддао қилинмоқда.

Гумонланувчининг синглиси Зуҳра Умарованинг иддао қилишича, ИИБ ходимлари уни уриб калтаклаши натижасида бачадонидан қон кетган ва 12 йилдан бери кутган фарзанди тушиб қолган.

Шерзод Умаровнинг онаси Ойша Нуриддинованинг айтишича, унинг ўғлини маҳаллада ўн кунларча олдин содир бўлган бир безорилик ҳолатида айблаб, ушлаш учун уйга бостириб киришган:

“Ўғлингни қочириб юборгансан" деб, ҳаммамизни орган ходимлари калтаклашди. Кичик қизим уришди. Йиқилиб ҳушидан кетди, ҳамма жойи кўкариб ётибди. Эшикларни, ҳамма жойни синдиришди. "Нега рухсатсиз уйимга бостириб кирасизлар, қани ордер" десам, "агар наркоман бўлса ордер билан кирамиз, наркоман бўлмаса ордерсиз кирамиз, ўғлингни топиб бер"деб, ҳаммамизни дубинка билан уриб, чиқиб кетишди”.

Шерзод Умаровнинг синглиси 32 яшар Зуҳра Умарованинг айтишича, ИИБ ходимлари уни, синглиси ва онасини аёвсиз калтаклашган:

“ИИБ, Миллий гвардия, ниқобдаги ва қора кийимдагилар бостириб келишди. Ўша ерда ўйнаб юрган 3 яшар жиянимни олгани борсам, биттаси шундай бўйнимдан бўғди, бошқа битта қора маскадаги чап кўзимга урди. Кўзим кўрмай қолиб, ўзимни ташлаб юбордим. Кейин улар онамни ва синглимни бекордан бекорга калтаклашган”.

Шерзод Умаров ўша куни уйидан қочиб кетган. Аммо 11 апрел куни ИИВ матбуот хизмати, унга қидирув эълон қилиб, айбсизлик презумпциясига риоя қилмай, номусга тажовуз қилишда айблади.

“Тасвирда акс этган Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда яшовчи 1989 йилда туғилган Шерзод Умаров жорий йилнинг 1 апрель куни соат 23:30ларда Наманган шаҳрининг Бобур боғидан вояга етмаган қизни уйига олиб бориб қўйишини айтиб, алдаб, номаълум манзилдаги хонадонга олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан”.

Кириш сўзида ҳатто гумонланувчи сўзини ишлатмаган ИИВ матбуот хизмати, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган, тутқаноқ касаллиги бор, руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турадиган шахсни қандайдир автомобилда бир қизни олиб бориб зўрлаганини ёзади:

“Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят содир этишда гумонланган Ш.Умаровнинг қўлга олиш махсус тадбири жараёнида оила аъзолари томонидан ходимларга фаол қаршилик кўрсатилиши оқибатида гумонланувчи яширинишга муваффақ бўлган”.

Матбуот хизмати хабарида Ш.Умаров икки ҳафта аввал безорилик жинояти содир этганини ҳам иддао қилган:

“Шунингдек, Ш.Умаров жорий йилнинг 27 март куни соат 12:30 ларда Наманган шаҳар Ёшлар мажмуаси ёнидаги чорраҳада велосипедда ҳаракатланиб кетаётган вақтида, «ВАЗ-2106» русумли автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган икки нафар ёш йигитларни, йўлини тўсганликларини баҳона қилиб, уларни уриб, дўппослаб, воқеа жойидан яширинган”.

Аслида, ИИБ ходимлари Умаровлар хонадонига бостириб боришганида, ана шу безорилик учун Шерзод қидирилаётганини айтган.

Унга номусга тажовуз қилиш айби эса кейин қўйилгани ҳақида блогер Олимжон Ҳайдаров ёзди.

“ИИВнинг берган баёнотида Шерзодбек 1-апрел куни 9-синф қизни зўрлаган. Лекин негадир шундай "хавфли" жиноятчига қидирув фақат кеча мен пост қўйганимдан кейин эълон қилинган, ёки айнан шу постдан кейин қидирув эълон қилингани бутун Республика бўйлаб барча "катта ва холис" сайтларда эълон қилинган. Нега шу куниёқ қидирув эълон қилинмади ёки қидирув эълон қилингани ҳақида хабар тарқатилмади. Бу ҳолат ҳам шубҳали”.

Блогернинг ёзишича, Шерзод Умаров ҳолатида айбсизлик презумпцияси бузилган.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, «Эпилепсия касаллиги билан боғлиқ шахсиятнинг чуқур бузилиши, бирламчи генерализациялашган талваса хуружлари» ташхиси билан Наманган вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси 3-мажбурий даволаш бўлимида назоратда турадиган Шерзод Умаров 2016 -2021 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277, 169, 165, 118,, 166, 104- моддалари билан бир неча марта судланган.

Шерзод Умаровнинг яқинлари иддаосига кўра, 6 апрель куни ИИБ ходимлари ниқобда келиб, аёлларни калтаклаганини хаспўшлаш мақсадида гумонланувчига оғир айблов қўйган.

Блогер Олимжон Ҳайдаровга кўра, ИИВ баёнотида негадир аёлларга куч ишлатиш ҳолатига тўхталиб ўтилмаган. Нима сабабдан 3 аёл, жумладан ҳомиладор аёл калтаклангани, улар нима сабабдан кишанлангани ҳақида тушунтириш берилмаган. Шунингдек бу ишларни барчаси ҳеч қандай расмий рухсатсиз қилинганига ҳам тушунтириш берилмаган.

Шерзод Умаровнинг онаси Ойша Нуриддинова ўғли ИИБ ходимлари томонидан ушлангани ва қаттиқ калтакланганини айтди: "Ҳозир ўғлимни ушлаб горотделга олиб келишибди. Бориб кўрдим. Уриб, тепиклаб ташлашган, ҳамма жойи қон”.

XS
SM
MD
LG