“Йиғилиш аввалида сув хўжалигидаги 4 та катта масала таҳлил қилинди. Булар – сув йўқотилиши, насос станцияларининг энергия истеъмоли кўплиги, сув захиралари камлиги ҳамда сув тежовчи технологиялар билан боғлиқ”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Йиғилишда Жиззах вилояти Пахтакор туманида, тажриба тариқасида, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилаётгани айтилди. Президент бу каби суғориш тизимини сув етказиб бериш харажатлари энг юқори бўлган Қашқадарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Президентнинг айтишича, Ўзбекистонда йилига 1 миллиард куб метр сел сувлари беҳуда оқиб кетяпти. Шавкат Мирзиёев сел сувларини кичик манбаларда жамғариш лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлган ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида топшириқ берди.
Президент матбуот хизматининг таъкидлашича, бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар ажратилади.
Ўзбекистонда каналларнинг фойдали иш коэффициенти пастлиги ва ички тармоқларда сув кўп йўқотилиши оқибатида қишлоқ хўжалигида йилига 4 миллиард 800 миллион доллар кам даромад олиняпти. Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни ўтказилган йиғилишда мана шу ҳақда билдирди.