Ссылки доступа

Олмаота суди “халқ парламенти” митингининг икки иштирокчисини жаримага тортди


Олмаота суди 19 март куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларининг расмий натижаларига қарши намойишда қатнашган икки нафар “Халқ парламенти” фаолини жаримага тортди.

Суд Бауржон Атинбоев ва Худайшукур Абдуллаевни митинг ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганликда айбдор деб топди. Суд Атинбоевга 172 500 тенге, Абдуллаевга 72 450 тенге жарима солди.

Фаоллар суд қароридан норози эканликларини маълум қилишди.

Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни фаоллар Олмаотадаги Мустақиллик монументи ёнида сайлов натижаларига қарши митинг ўтказган эди. Икки соатга яқин давом этган тинч йиғилиш ҳокимлик вакиллари назорати ва милиция ходимлари иштирокида ўтказилди.

Қарорларга кўра, Атинбоев ва Абдуллаевга нисбатан маъмурий ишлар икки судья, Каримбаев ва Жамалбеков томонидан кўриб чиқилди.

Суднинг икки қарорида ҳам бир хил айблов келтирилган бўлиб, унда 58 ёшли Абдуллаев ва 34 ёшли Атинбоев “микрофон кўтариб, сайлов натижаларига норозилик билдирдилар, бошқа фаоллар билан биргаликда [ташкилотчининг] тегишли рухсатисиз оммавий тадбирда қатнашдилар, дейилади.

Атинбоев судда қонунни бузмаганлигини айтди. У митингда бўлганини бироқ, гапирмаганини маълум қилди.

Мен гапирмадим, шеър ўқидим, — деди у.

Фаол суд қарори устидан апелляция бериш ниятида эканлигини қўшимча қилди. Абдуллаев шунингдек, жаримани тўлашга пули йўқлигини таъкидлаб, суд қарори устидан шикоят қилиш ниятида эканлигини маълум қилади.

XS
SM
MD
LG