Ссылки доступа

Статистика: Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайди, газ импорти кескин кўпайди


Ўзбекистон 2023 йилнинг март ойида 151,2 миллион долларлик газ импорт қилди. Бу ўтган йил давомида қилинган газ импортнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилади, деб хабар берди Статистика агентлиги.

Агентликнинг билдиришича, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида жами 152,9 миллион долларлик газ импорт қилинган. Унинг 151,2 миллион доллари март ойига тўғри келган. Бу 2022 йилнинг мос даврига қиёсланганда 2,6 баробарга кўпдир. Шу билан бир қаторда январь-март оралиғида Ўзбекистон жами 27,8 миллион долларлик газ экспорт қилган.

Расмий рақамларда қайд этилишича, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистон газдан ташқари кўмир, нефть ва нефть маҳсулотлари импортини ҳам кескин оширган. Масалан, бошқа давлатлардан 45, 2 миллион долларлик кўмир сотиб олинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 61,7 фоизга кўп.

Нефть ва нефть маҳсулотлари импорти ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 43,3 фоизга ошиб, 510 миллион долларни ташкил этди.

Статистика агентлигининг қайд этишича, Ўзбекистон ўтган уч ой ичида 742,5 миллион долларлик газ, кўмир, нефть ва нефть маҳсулотларини импорти қилган. Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан деярли 2 баробарга кўп.

Расман билдирилишича, газ, кўмир, нефть ва нефть маҳсулотлари импорти Ўзбекистонда бу маҳсулотларнинг қазиб олиниши озайгани фонида ўса бошлади. Масалан, 2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 9,6 фоизга, март ойида эса 12,9 фоизга камайган. Рақамлар кесимида айтиладиган бўлса, 2023 йилнинг январь-март ойларида 12,3 миллиард кубометр газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига солиштирганда 1,3 миллиард кубометрга оздир.

XS
SM
MD
LG