Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, Абдуллаева Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан бирга олиб борилган фаолият натижасида 22 апрель куни ушланган.
“Каромат Абдуллаева вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кириб қўйилган. У Ўшда 2010 йил июнь воқеаларининг ташкилотчиларидан бири сифатида қидирувда бўлган. 2014 йили Абдуллаева сиртдан 16 йилга қамалган”, дейилган ИИБ хабарномасида бунга оид батафсил маълумот кейинроқ очиқланиши билдирилган.
Абдуллаева 2010 йилгача Ўшдаги Ўзбек миллий-маданий марказининг масъул котиби бўлиб ҳисобланган.
Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашув 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Қонли воқеалар оқибатида 446 киши нобуд бўлган, икки мингга яқин киши турли даражада тан жароҳати олган. Воқеалар чоғида 57 киши бедарак йўқолган, уларнинг 15 нафаридан кўпроғи ҳалигача топилган эмас.
Ҳодисалар ортидан 100 дан зиёд одам қидирувга берилган. Тўқнашувларни уюштирганликда гумонланган 37 киши Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган. Улар орасида марҳум Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Каромат Абдуллаева, Жалолиддин Салоҳиддинов каби Ўзбек миллий-маданий маркази намояндалари бор эди.
2021 йилнинг апрель ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2010 йил июнь воқеаларидан кейин қўзғатилган жиноят иши юзасидан собиқ Муваққат ҳукуматнинг мансабдор шахсларига нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг эски таҳриридаги 304-модда бўйича (“Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлик”) тергов қайта бошланганини маълум қилган эди. Ўшанда тергов “республика жанубида 2010 йилнинг май-июнь ойларидаги фожиавий оқибатларга олиб келган сабаблардан бири бўлган Қодиржон Ботировнинг мамлакат ташқарисига ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича” қайта бошлатилгани айтилган.
Қирғиз расмийлари томонидан июнь воқеаларининг асосий айбдорларидан бири экани иддао қилинган Ўзбек миллий-маданий марказининг собиқ лидери Қодиржон Ботиров 2018 йилнинг 4 декабрида Украинанинг Одесса вилоятида вафот этган. У Тошкентдаги Зангиота қабристонида дафн этилган.
Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси 2010 йил июнь ойидаги воқеалардан кейин қидирувда бўлган Каромат Абдуллаева қўлга олингани ҳақида маълум қилди.