Ссылки доступа

Қозоғистон Хитой элчисининг посcовет давлатлари суверенитетига нисбатан шубҳасига муносабат билдирди


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Хитойнинг Франциядаги элчисининг посцовет мамлакатлари халқаро ҳуқуқда ҳақиқий мақомга эга эмаслиги ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

Қозоғистон ТИВ расмийси Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг позициясига қўшилганини билдирди. Аввалроқ Хитой ТИВ расмий вакили Мао Нинг Пекин СССР таркибига кирган барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилишини айтганди.

“Мен Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг бугунги ҳамкасбим томонидан билдирилган позициясига қўшиламан. Лекин шуни айтаманки, 1992 йил 2 мартда Қозоғистон БМТга аъзо бўлди. Ташкилотга қабул қилиш тўғрисидаги қарор Хавфсизлик Кенгаши тавсияси асосида Бош Ассамблея томонидан қабул қилинади. Хитой ҳам унинг доимий аъзоси ҳисобланади”, — деди у.

Смадияров 1991 йил 16 декабрда Қозоғистон мустақиллиги эълон қилинганидан кейин Хитой биринчилардан бўлиб республика мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олганини айтди. Орадан кўп ўтмай, 1992 йил 3 январда мамлакатлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганини расман эълон қилди.

“Халқаро ҳуқуқда дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишини англатади. Бундан ташқари, 2002 йил 23 декабрда Қозоғистон ва Хитой ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги фундаментал шартнома имзоланди”, — деди Смадияров.

Сиёсатчи ушбу ҳужжатга мувофиқ томонлар суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олишини билдирди.

Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай Қрим яриморолини тарихий жиҳатдан Россияники деб атади ва Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ташкил топган мустақил давлатлар гўёки дунёда қонуний мустаҳкамланган мақомга эга эмаслигини айтди.

Дипломат собиқ Совет Иттифоқи давлатлари гўёки амалдаги халқаро ҳуқуқда ҳеч қандай самарали мақомга эга эмаслиги, чунки “бирорта ҳам халқаро шартномада уларнинг суверен давлат сифатидаги мақоми белгилаб қўйилгани йўқ”лигини билдирганди.

Хитой элчисининг баёнотини Болтиқбўйи давлатлари ва Украина, Франция кескин қоралади. Улар расман Хитойни мазкур баёнотга муносабат билдиришга чақирди.

XS
SM
MD
LG