Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев “референдумни ўтказишдаги кўмак” учун Путинга миннатдорчилик билдирди


Ўзбекистон президенти Конституция бўйича бўлажак референдумнинг Россия Федерацияси ҳудудида ўтказилишига кўрсатилаётган кўмак учун Россия президентига самимий миннатдорлик билдирди, деб хабар берди Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

Расман билдирилишича, Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан 26 апрель куни телефон орқали мулоқот қилган. Хабарда томонлар референдум масаласини муҳокама қилгани тўғрисида маълумот йўқ. Фақат мулоқот якунида Мирзиёев Путинга бу борадаги кўмак учун миннатдорчилик билдиргани таъкидланади.

Мулоқот чоғида Мирзиёев ва Путин амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо муносабатлари суръатини таъминлаш ва етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида гаплашган.

“Суҳбат чоғида автомобилсозлик, темир йўл транспорти, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Саноат ипотекаси, кластерлар, индустриал ривожланиш жамғармаси каби воситаларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани ўрганишдан манфаатдорлик билдирилди”, дейилади расмий билдирувда.

Конституциянинг янги таҳрири юзасидан референдум 30 апрель куни ўтказилади. Шу муносабат билан қатор хориж давлатларидаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида, жумладан, Россияда ҳам овоз бериш участкалари ташкил этилган.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 106-моддасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш назарда тутилади. Таҳлилчилар фикрича, янги Конституция 65 яшар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имкон беради.

XS
SM
MD
LG