Томонлар кейинги пайтларда Шимолий Корея янги қуроллар, жумладан, ядровий қуроллар синовини кўпайтирганидан ташвиш билдирдилар. АҚШ ва Жанубий Корея бу масалада умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқди.
АҚШ Жанубий Кореяни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди. Сўнгги қирқ йилда илк бор АҚШ сув ости кемалари, жумладан, ядровий ракета ташувчи кемалар Жанубий Корея соҳилларини қўриқлашга жалб этилади. Лекин АҚШ Жанубий Кореяга ядровий каллакларни ўрнатмайди.
Икки давлат ҳамкорликда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказади ва стратегик маълумотлар билан алмашинади. Шимолий Корея ядровий қурол билан Жанубий Кореяга зарба берган тақдирда Вашингтон “АҚШ ядровий қуролларини жалб этган ҳолда тезкор ва қатъий жавоб қайтаради”.
“Шу билан бир қаторда биз Шимолий Корея атрофида юзага келаётган кескинликни дипломатик йўллар билан мувофиқлаштириш ҳаракатларини давом эттирамиз”, -деб таъкидлади Байден.
Бундан ташқари томонлар иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ҳамкорлик биринчи навбатда янги технологиялар – электромобиллар, микрочиплар ва батареялар ишлаб чиқаришга таалуқли бўлади.
Жанубий Корея ўз ядровий дастурига эга эмас. АҚШ ва Жанубий Корея 70 йил аввал Корея уруши якунланганидан сўнг иттифоқчиларга айланган. Айни пайтда Жанубий Корея ҳудудига 28 500 нафар АҚШ ҳарбийси жойлаштирилган.
Вашингтонда 26 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва Шимолий Кореянинг ядровий таҳдидига қарши туриш масаласини муҳокама қилди.