Ссылки доступа

Тожикистон-Афғонистон чегарасида контрабандачилар билан отишмада Хоруғлик Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ҳалок бўлди


Тожикистон ва Афғонистон давлат чегарасида контрабандачилар билан отишма чоғида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Хоруғ шаҳар бошқармаси бошлиғи Камрон Ражабекзода ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Озоди радиоси.

Отишма 28 апрель куни «Тишор» тўққизинчи чегара пости қўриқланадиган зонасининг 184-бандида содир бўлган. Қайд этилишича, саккиз кишидан иборат гуруҳ Тожикистон-Афғонистон чегараси орқали айниқса катта ҳажмдаги гиёҳванд моддалар, қурол ва ўқ-дориларни олиб ўтишга уринган.

Чегарачиларга кўра, контрабандачилар таслим бўлиш буйруғига бўйсунмай, тожикистонлик ҳарбий хизматчиларга қарата ўқ узган. Бироқ жавоб ўқига дош беролмай, қоидабузарлар Афғонистон ҳудудига қочиб кетишган. Воқеа жойида хавфсизлик кучлари томонидан 45 кг героин, 1 дона Калашников автомати, 74 дона ўқ-дори, тунги кўриш мосламаси ва 10 минг АҚШ доллари топилган.

Озодининг қайд этишича, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Хоруғ шаҳар бошқармаси бошлиғи Камрон Ражабекзода чегарадаги отишмада ҳалок бўлган. Худди шу маълумотни Тоғли Бадахшонлик журналист Анора Саркорова ҳам тасдиқлади. Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари афғон контрабандачиларига гиёҳванд моддаларни ташишда ёрдам берган уч нафар Тожикистон фуқаросини қўлга олди.

26 апрель куни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Афғонистон билан чегарада теракт содир этишни режалаштирган икки кишини отиб ўлдирди. Махсус хизматлар маълумотларига кўра, халқаро террорчилик гуруҳининг икки аъзоси ТБМВнинг Ванж тумани Дашти Язғулом қишлоғи яқинида чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва аксилтеррор операцияси давомида йўқ қилинган.

Хавфсизлик кучлари томонидан иккита Калашников автомати, иккита хорижда ишлаб чиқарилган тўппонча, саккизта қўл гранатаси, 12 дона патронли журнал, 19 ўрам портловчи моддалар, иккита махсус алоқа ускунаси ва иккита уяли телефон топилди.

XS
SM
MD
LG