Ссылки доступа

Алишер Усмонов Германияда пул ювишда айбланмоқда


Германия полицияси россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш бўйича иш юзасидан «Бавария» офисида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.

Қайд этилишича, тергов жараёнлари «Альянц Арена» стадионида ҳам ўтказилган. Алишер Усмонов 2017 йилдан 2022 йилгача солиқ тўламаслик учун пул яширганликда гумон қилинмоқда. Гап миллионлаб доллар ҳақида кетмоқда.

Россиялик миллиардерни «Бавария»га клубнинг фахрий президенти Ули Ҳёнесс билан танишлиги боғлаб туради. Германия прокуратураси Мюнхен клуби аъзоларига нисбатан ҳеч қандай тергов олиб бормаётганини таъкидлади.

Терговчилар пул ювиш иши бўйича далил қидирган, деб ёзди газета. Тинтувлар натижасида улар далил топа олдими ёки йўқми, номаълум.

«Усмонов ҳеч қачон Германия қонунларини бузмаган, унинг маблағларининг келиб чиқиши мутлақо шаффоф, Германияда унинг таъқиби очиқ сиёсийдир», деб таъкидлади унинг матбуот хизмати.

2022 йил кузида немис полицияси Усмоновнинг Германиядаги вилласида рейд ўтказди. Усмонов 2022 йил 28 февраль куни бошқа бир қанча россиялик миллиардерлар қаторида Европа Иттифоқи санкцияларига учраган эди.

Spiegel журнали хабарига кўра, Мюнхен солиқ идораси Усмоновни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда. Гап 555 миллион евро миқдоридаги солиқ ҳақида кетмоқда.

Ўтган йили Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай АҚШ, ЕИ мамлакатлари ва Буюк Британия Усмоновга қарши санкциялар жорий қилган – Ғарб мамлакатлари уни Кремлга яқин олигархлардан бири деб билади. Санкциялар туфайли Усмоновга тегишли ЕИ ва Британиядаги кўчмас мулк объектлари ҳамда тадбиркор билан боғлиқ тузилмаларга тегишли Dilbar яхтаси ҳибсга олинган. Усмоновнинг ўзи омма олдида уруш ҳақида фикрини билдирган эмас, Европа Иттифоқи санкциялари юзасидан эса у судга мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG