Ссылки доступа

МСК: Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция кучга кирди


Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 30 апрелидаги референдумда қабул қилинмиш “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни кучга кирганини эълон қилди.

МСК маълумотига кўра, мазкур қонун Марказий сайлов комиссиясининг 1245-сонли қарорига асосан 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирган.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган референдумда рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этгани ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз бергани ҳақида билдирган эди.

Референдумда овозга қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг президент ваколати тўғрисидаги 106-моддасида (аввалгисида 90-модда эди) Ўзбекистонда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бу тузатиш Мирзиёевга яна икки марта (14 йил) давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш имконини беради.

65 ёшли Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябрида иккинчи ва 30 апрелгача амалда бўлган конституцияга мувофиқ сўнгги муддатга президент этиб сайланганди. Унинг жорий муддати 2026 йилда тугайди. Янги конституция қабул қилинганидан сўнг президент сайлови санаси ўзгариши ёки ўзгармаслиги борасида расмий изоҳ берилганича йўқ.

Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганидан сўнг Мирзиёевнинг муддати "ноллаштирилиши" ва у яна икки муддатга президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини айтган.

Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар ўз муддатининг ноллаштирилиши ва учинчи муддат президентлик билан боғлиқ режалари тўғрисида ҳеч нарса демаган.

Расмийлар конституциявий ўзгаришларни Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан бошланган ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги муҳим қадам, дея тақдим этишмоқда.

Аммо таҳлилчилар ҳозиргача бу ислоҳотлар асосан, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар билан чеклангани, сиёсий соҳада жиддий ислоҳотларга қўл урилмаганини айтишади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда кучли президент бошқарувига асосланган авторитар тузум сақланиб қолаётганини таъкидлайдилар.

XS
SM
MD
LG