Ссылки доступа

БМТ Ўзбекистонга сувнинг фавқулодда ифлосланишига қарши курашда кўмаклашади


Ўзбекистон БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг радиоактив чиқиндихоналар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тавсияларини ўрганиб чиқди ва бу борада махсус ишчи гуруҳи ташкил қилди, деб хабар берди БМТ расмий сайти 1 май куни.

Хабарда айтилишича, апрель ойида радиоактив чиқиндихоналар хавфсизлигини таъминлаш орқали сувларнинг фавқулодда ифлосланишининг олдини олиш масалалари вазирликлараро даражада муҳокама қилинган ва махсус ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Ўзбекистон Қозоғистон ва Тожикистондан кейин минтақада бундай ишчи гуруҳини ташкил қилган учинчи давлат бўлди.

БМТнинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда 41 та радиоактив ва бошқа зарарли чиқиндилар сақланадиган жойлар мавжуд. БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси Швейцария Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш федерал бошқармаси молиявий кўмаги асосида мазкур гуруҳга жой-жойларда ва минтақалараро даражада чиқиндихоналар хавфсизлигини таъминлашни ўргатади.

БМТ хабарида таъкидланишича, Ўзбекистон жаҳондаги йирик олтин ва уран қазиб олувчи давлат ҳисобланади. Келгусида бу соҳадаги ишлаб чиқариш янада кўпайиши кутилмоқда, бунинг ортидан эса радиоактив ва зарарли чиқиндихоналар ҳам кўпаяди. Бунинг ортидан эса сувнинг фавқулодда ифлосланиши юзага келиши мумкин.

XS
SM
MD
LG