Ссылки доступа

Афғонистон фуқароси Тожикистон президентидан ёрдам сўрамоқда


Афғонистон фуқароси Тожикистон Республикасида қамоқ жазосини ўтаётган турмуш ўртоғини жазо муддатини ўз ватанида ўташи учун Толибон ҳукуматига ўтказишни илтимос қилиб, Тожикистон президентига мактуб йўллади.

Афғонистонлик 41 ёшли Азизулло Муродий ўтган йилнинг ёзида Тожикистоннинг Шаҳартуз вилоятида қўлга олинган. Суд уни гиёванд моддалар контрабандачиларининг тожик-афғон трансмиллий тармоғи билан ҳамкорлик қилишда айбдор деб топиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилди. Азизулло Муродий жазони Хўжанд колониясида ўтамоқда.

Унинг рафиқаси Саҳрагул Абдукарим 2 май куни “Озоди” радиосига тақдим қилган мактубида Имомали Раҳмондан турмуш ўртоғини Афғонистонда жазо муддатини ўташи учун ёрдам сўраган.

Мактубда Азизуллонинг ўн нафар фарзанди борлиги, чегара ёпилганлиги сабабли улар Хўжанддаги колониядаги отасинининг олдига кела олмаётганини ёзади.

Тожикистон расмийлари бу мактубга ҳозирча жавоб бермаган. Тожикистонда жазо ўтаётган ватандошларини қабул қилишга тайёрми ёки йўқми, толиблар фикри ҳам номаълум.

2010 йилда Тожикистон Афғонистоннинг собиқ ҳукумати билан маҳбусларни алмашиш бўйича келишув тузган эди. 2019 йил сентябрида Тожикистон ҳукумати маҳаллий қамоқхоналарда жазо ўтаётган ушбу мамлакатнинг 48 нафар фуқаросини Афғонистонга топширди.

Расмийларга кўра, Афғонистонга топширилган фуқароларнинг асосий қисми гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланганлардир. Келишувларга кўра, бу маҳбуслар қолган жазо муддатини Афғонистон қамоқхоналарида ўтайди. Бунинг эвазига Кобул бир неча Тожикистон фуқароларини Душанбега топширган.

Тожикистон қамоқхоналарида 100 дан ортиқ Афғонистон фуқароси сақланиши айтилади.

XS
SM
MD
LG