Ссылки доступа

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси референдумда сиёсий плюрализм ва рақобат етишмаганини қайд этди


Ўзбекистонда 30 апрель куни ўтказилган сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий қилинган, аммо унда ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат бўлмаган.

Бу ҳолат эса муқобил қарашларни янада рағбатлантириш, мустақил фуқаролик жамияти учун имкониятлар яратиш ва чекланиб қолаётган асосий эркинликларни ҳурмат қилиш зарурлигини яна бир бор намоён этган. Бу ҳақда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг 1 май куни ёйинланган ҳисоботида айтилган.

Аввалроқ мазкур миссия раҳбари Алберт Йонсон Озодлик билан суҳбатда референдумни кузатиш учун Тошкентда 10 нафар мутахассисдан иборат жамоа ишлаётгани, ҳудудларда эса 14 нафар кузатувчи борлигини билдирган эди.

Ҳисоботда қайд этилишича, якшанба куни бўлиб ўтган конституциявий референдумга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган ва у кенг тарғиб қилинган. Айни пайтда ЕХҲТ ДИИҲБ вакиллари Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар лойиҳаси бўйича маслаҳатлашув жараёни анча кенг қамровли ўтказилган бўлса-да, унда айрим мунозарали масалалар бўйича очиқ мунозаралар кузатилмагани ва ўзгартишларга қарши бирор-бир уюшган оппозиция йўқлигига эътибор қаратишган.

Миссия вакиллари МСК ўз ваколатларини самарали амалга оширгани, бироқ қуйи бўғин комиссияларида бетарафлик ва мустақиллик етишмаганини урғулашган.

“Чекланган миқдордаги сайлов участкаларида ташриф буюрилди, сайлов участкаларида овоз бериш жараёни тинч ўтган бўлса-да, овоз бериш ва санаб чиқиш жараёнида турли жиддий қонунбузарликлар кузатилди ва бу жараёни адолатли бўлмаганини билдирди”, дейилган ЕХҲТ ДИИҲБ ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг кўплаб суҳбатдошлари Ўзбекистонда оммавий йиғилишлар, уюшмалар эркинлиги ва сўз эркинликлар бўйича мавжуд чекловлар билан боғлиқ хавотирларини билдирганлар.

Давлат амалдорлари ҳамда парламентдаги партияларнинг конституцияга киритилаётган ўзгартишларни маъқулловчи тарғиботи билан уйғунлашиб кетиши партия ва давлат ўртасида бўлиши керак бўлган тафовутни йўққа чиқарган.

“Давлат томонидан тақдим этилган маълумотлар холис ва мувозанатли эмас эди, бу эса овоз берувчиларнинг онгли танлов қилиш имкониятини чеклаб қўйди. Фаоллар турли ижтимоий тармоқлар орқали ижтимоий масалалар бўйича турли хил маълумотларни тақдим этишди. ДИИҲБ РКЧМ кузатувчилари референдумдан олдинги тарғибот-ташвиқот ишларида иштирок этиш учун жамоатчиликка босим ўтказиш ва маъмурий ресурслардан кенг нотўғри фойдаланиш ҳолатларини қайд этдилар”, дейилган ҳисоботда.

Миссия вакиллари Ўзбекистонда халқаро мажбуриятлар билан кафолатланган сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари орқали чекланганча қолаётгани, айрим суҳбатдошлар референдумдан олдинги ва референдум пайтидаги тарғибот ишлари давомида Конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартишларни танқидий ёритган нашрлар таҳририятининг автоном фаолиятига аралашиш бўлганлигини айтишганини қайд этишган.

“Ижтимоий масалалар бўйича маълум даражада танқидий хабарлар асосан интернет оммавий ахборот воситаларида айтилган бўлса-да, уларда юқори давлат амалдорлари бевосита танқид остига олинмаган. Шунингдек, журналистлар ва блогерлар ўзи қўйган контентни ўчиришлари учун босим ўтказилганлиги ҳақида бир неча ҳолатлар мавжуд”, дейилган ҳисоботда ўтказилган мониторинг телеканалларда янгиликлар ва долзарб мавзулардаги дастурларда референдумни танқидий оҳангда ёритиш ҳолатлари умуман бўлмаганлигини кўрсатгани ҳамда бошқа қатор камчиликлар қўшимча қилинган.

МСК маълумотига кўра, 30 апрель куни ўтказилган референдумда овоз берувчиларнинг 84,5 фоизи иштирок этган, улардан 90.2 фоизи Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ёқлаган.

Референдумда овозга қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг президент ваколати тўғрисидаги 106-моддасида (аввалгисида 90-модда эди) Ўзбекистонда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бу тузатиш Мирзиёевга яна икки марта (14 йил) давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш имконини беради.

65 ёшли Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябрида иккинчи ва 30 апрелгача амалда бўлган конституцияга мувофиқ сўнгги муддатга президент этиб сайланганди. Унинг жорий муддати 2026 йилда тугайди. Янги конституция қабул қилинганидан сўнг президент сайлови санаси ўзгариши ёки ўзгармаслиги борасида расмий изоҳ берилганича йўқ.

XS
SM
MD
LG