Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев бу билан Ўзбекистон қирғизистонликлар ID-карта билан кира оладиган учинчи давлатга айланганини билдирди. Бунга қадар қирғиз фуқаролари Қозоғистон ва Россияга ID-карта билан бора олардилар.
Бундан аввал Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳам Қирғизистонга ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи қонунни қабул қилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрелда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.
Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам чегарадан 16 ёшга тўлмаган болаларни хориж паспорти билан олиб ўтиш мумкинлигига доир янги тартибни жорий қилди. Бунга қадар 16 ёшга тўлмаган болаларни туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага тиркаладиган иловага мувофиқ олиб ўтиш мумкин эди. Бу тартиб болаларни бошқа мамлакатга ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш мақсадида жорий этилгани билдирилмоқда.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевнинг маълум қилишича, жорий йилнинг тўрт ойида Ўзбекистондан Қирғизистонга 1 миллион 618 минг киши келган. 1 миллион 574 минг 732 қирғизистонлик эса Ўзбекистонга борган. Икки давлат ўртасида 60 кунгача визасиз режим мавжуд.
Қирғизистон Ўзбекистон ортидан чегарадан ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди

Қирғизистон парламенти 3 май куни Ўзбекистонга ID-карта билан ўтишга рухсат бериш назарда тутилган қонун лойиҳасини бирданига уч ўқишда қабул қилди ва маъқуллади.