Ссылки доступа

Қирғизистон МХДҚ Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасидаги коррупция ҳолатлари юзасидан иш очди


Жогорку Кенешнинг 4 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Бош прокурор ўринбосари Умуткан Қўнкубаева 22 апрель куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасидаги коррупция ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди.

Жогорку Кенеш мажлисида иштирок этган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари Тимур Шабданбековнинг маълум қилишича, қурилиш лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция факти бўйича Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

28 апрель куни Бишкекнинг Первомайский туман суди қарори билан муассаса офисида ва жамғарма раҳбари Елена Калашникованинг уйида тинтув ўтказилди.

Шу билан бирга, Калашникованинг ўзи парламент йиғилишида жиноий иш ҳақида фақат Жогорку Кенешдаги депутатлар билан учрашувда билганини таъкидлаб, унга айблов қўйилмаганини қўшимча қилди. Бироқ Калашникова ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тинтув ўтказганини тасдиқлади.

«2022 йилда жамғарманинг устав капитали 1 миллиард сомни ташкил этди. Айни дамда 762 миллион 190 минг 372 сом нақд пулимиз бор. 257 миллион 67 минг 294 сом сарфланди. Қолган маблағлар ҳисоб рақамларда”, — деди Калашникова.

Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2022 йил март ойида Қирғизистонда туризм саноатининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарманинг устав капитали 1 млрд. сомни ташкил этган. “Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” АЖ таъсисчиси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG