Ссылки доступа

Bloomberg: ЕИ иккиламчи санкциялар механизмини яратмоқда, уларнинг биринчи мақсадлари Марказий Осиё давлатлари бўлиши мумкин


Европа Иттифоқи мамлакатлари иккиламчи санкциялар механизмини яратиш устида ишламоқда, бу эса Россиянинг ёрдами билан ўзига қўйилган чекловларни четлаб ўтадиган давлатларга нисбатан чекловлар жорий этиш имконини беради.

Марказий Осиё давлатлари бу механизмнинг биринчи нишонига айланиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги «вазиятдан хабардор бўлган» аноним манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Ушбу воситанинг асосий мақсади [учинчи] мамлакатларни Россияга ёрдам беришдан ва Москва фойдаланиши мумкин бўлган савдо каналларини бостиришдан иборат бўлади. Агар бу иш бермаса, блок иккинчи қадам сифатида мақсадли чекловларни жорий этиш имкониятига эга бўлади.

Агентликнинг эслатишича, 2022 йилда Украинага тўлиқ миқёсда бостириб кириши муносабати билан Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг, ушбу мамлакатдан Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан бир қатор товарлар импорти кескин ошган.

Агентлик маълумотларига кўра, 19—21 май кунлари Японияда бўлиб ўтадиган G7 саммити олдидан ЕИ доирасидаги механизмни келишиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Bloomberg манбасининг айтишича, иккиламчи санкциялар рўйхатига қайси товарлар ва мамлакатлар киритилиши бўйича қарорлар ЕИ аъзолари бир овоздан қабул қилишлари керак.

Шу сабабли, дея ёзади агентлик, яқин келажакда механизм Хитойга қарши қўлланилиши даргумон, бироқ унинг «асосий диққат марказида» Марказий Осиё давлатлари ва «Россиянинг бевосита қўшнилари» бўлади.

Март ойида Bloomberg Қозоғистондан Россияга чиплар ва яримўтказгичлар экспорти ўтган йили 300 баробардан зиёд ошганини ёзган эди.

Умуман олганда, расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Европа Иттифоқи давлатларидан Қозоғистонга импорт ҳажми 2 миллиард долларга ошиб, қарийб 8 миллиард долларга етган.

Апрель ойи охирида Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШнинг санкциялар сиёсатига масъул юқори мартабали вакиллари, жумладан, АҚШ молия вазири ўринбосари Элизабет Розенберг Қозоғистонга ташриф буюрди. У Қозоғистонга нисбатан иккиламчи санкциялар қўллаш хавфи ортишидан огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG