Ссылки доступа

Омбудсман вакиллари Нукус воқеалари бўйича судланганлар билан учрашди


Uzbekistan - Representatives of the Ombudsman meet with Tazhimuratov.
Uzbekistan - Representatives of the Ombudsman meet with Tazhimuratov.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари 6 май куни Зангиота туманидаги 1-сон тергов ҳибсхонасида мониторниг ўтказди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукусдаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган 22 нафар шахс мана шу ҳибсхонада сақланмоқда. Уларга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда.

“Ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилди”, дейилади хабарда.

Омбудсман идорасининг билдиришича, мониторинг давомида, жумладан, Нукус воқеалари бўйича асосий айбдор сифатида кўрилган ва биринчи суд инстанцияси томонидан 16 йиллик қамоққа ҳукм қилинган Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага “ташриф буюрилди”. Омбудсман вакилларининг иддао қилишларича, Тажимуратов ва Нукс воқеаси бўйича судланган бошқа шахслар “ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишди”.

“Шунингдек, ташриф давомида Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) назарда тутилган жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган Дилшоджон Тўрахўжаев ва 251 прим 1-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумонланиб, қамоққа олинган Ҳасанбой Абдунабиевлар билан ҳам якка тартибда ҳоли суҳбатлар ўтказилди”, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида Дилшоджон Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиев ижтимоий тармоқларда ўзлари қийноқларга солингани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлаган. Тўрахўжаев Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини, қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди. Бу борада омбудсман Бош прокуратурага назорат хати киритган.

XS
SM
MD
LG