Ссылки доступа

Тожикистон: Бузургмеҳр Ёров яна жазо камерасига жойлаштирилди


Бузургмехр Ёров и его мать Хуриниссо Исхокова
Бузургмехр Ёров и его мать Хуриниссо Исхокова

“Бузургмеҳр” жамғармаси раҳбари Жамшед Ёровнинг маълум қилишича, қамоқхона маъмурияти унинг укаси, маҳкум тожик адвокати Бузургмеҳр Ёровни 5-6 кун аввал Душанбедаги тергов изоляторидаги “жазо камераси”га жойлаштирган. Маъмурият маҳкум 15 май куни оддий камерага ўтказилишини айтди.

Маҳкум адвокатни жазо камерасига жойлаштириш сабаби номаълум. Унинг адвокати ҳам қариндошларига ҳеч нарса демаган.

“Эҳтимол, Бузургмеҳр Ёровнинг жазоланишига унинг қамоқхона маъмуриятининг жиноятларини фош қилган эълон қилинган хати сабаб бўлгандир. Бу унинг иши ва Ваҳдат шаҳридаги 3/1-сонли ахлоқ тузатиш колонияси маъмуриятининг жиноятлари ҳақида жамоатчиликка маълумот беришнинг ягона йўли эди”, — деди Жамшед Ёров.

Одатдагидек, расмийлар бу хабарга изоҳ бермайди.

24 ноябрь куни эрталаб Бузургмеҳр Ёров “ёпиқ колония” деб номланувчи, ўта қаттиқ режимдаги ёпиқ колонияга ўтказилган эди.

Бир ой олдин адвокатнинг яқинлари Тожикистон ИИВ Тергов бошқармаси Ёровга нисбатан яна бир, аллақачон тўртинчи жиноий иш қўзғатганини хабар қилган эди. Кейинчалик Бузургмеҳр Ёровнинг ўзи илтимосига кўра 1-сон тергов изоляторига ўтказилди.

Бузургмеҳр Ёров колониядан йўллаган мактубида унга нисбатан фирибгарлик факти бўйича тўртинчи жиноий иш қўзғатилганини ёзган ва барча айбловлар ғалати эканлигини таъкидлаган.

Сиёсий маҳбус ўз мактубида жиноий иш маҳкум Хасан Хасановнинг аризаси асосида қўзғатилганини айтади. Шикоятда Бузургмеҳр Ёров ва унинг яқинлари юридик хизмат кўрсатгани ва Хасановни қамоқдан озод қилгани учун 42 минг 400 сомоний (4 минг доллардан ортиқ) олгани айтилади.

Бузургмеҳр Ёров терговчилардан Хасан Хасанов билан юзма-юзлаштиришни, шунингдек, унинг яқин қариндошларини терговда гувоҳ сифатида иштирок этишига рухсат беришни сўраган. Тергов органлари унинг илтимосини рад этишди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ходимларидан бири 4 май куни Озоди радиосига жиноий иш “махфий” тоифага киритилгани ва у иш тафсилотларини ошкор қилишга ҳақли эмаслигини айтди.

Таниқли тожик ҳуқуқ фаоли ва сиёсий маҳбус Бузургмеҳр Ёров 2015 йилнинг 28 сентябрида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоларини судда ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган пайтда ҳибсга олинган эди. Унга турли айбловлар, жумладан, фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва президентни ҳақорат қилиш каби айбловлар қўйилган. Суд уни 28 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ғарб давлатлари ва қатор халқаро ташкилотлар Тожикистон расмийларини Бузургмеҳр Ёровни қамоқдан озод қилишга бир неча бор чақирган. Бироқ мамлакат расмийлари халқаро ташкилотлар талабларини ҳеч қачон инобатга олмайди.

XS
SM
MD
LG