Ссылки доступа

Тоғли Бадахшонда ННТларни “ихтиёрий” тугатиш талаб қилинмоқда


Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги фуқаролик фаолларининг хабар беришича, маҳаллий амалдорлар жамоат ташкилотларини ихтиёрий равишда тугатишни талаб қилмоқда. Вилоят расмийлари бунга жавобан маҳаллий жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлган нодавлат ташкилотларигина фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.

Ўтган йилнинг май ойида Тоғли Бадахшонда ўнлаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари ва тартибсизликлар ортидан Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари юзлаб фуқароларни, жумладан маҳаллий фуқаролик жамияти фаолларини тартибсизликларни қўзғатганликда айблаб ҳибсга олди. Яқинлари ушбу айбловларнинг асоссиз эканлигини таъкидлаётган ўнлаб одамлар қамоққа ташланди.

Расмийлар таъқибидан қўрқиб номларини ошкор этмаган ташкилот вакилларининг Озодлик радиосига айтишича, вилоят хавфсизлик идоралари вакиллари ташкилотларни ўз ихтиёри билан банкрот деб эълон қилишларини ҳамда фаолиятини тугатишни талаб қилган.

ТБМВдаги фуқаро фаолларининг таъкидлашича, сўнгги икки ой ичида уларга нисбатан босим кучайган.

Тоғли Бадахшон матбуот котиби Ғолиб Ниятбекзодаган кўра, минтақада жиноий гуруҳлар билан алоқада бўлган нодавлат ташкилотларгина тугатилган. Бундан ташқари, уларнинг низомлари ва рўйхатга олиш ҳужжатларида кўплаб қонунбузарликлар аниқланди.

Тоғли Бадахшондаги ННТлари сони тўғрисида расмий маълумотлар йўқ. Манбаларга кўра, бугунги кунда кўплаб нодавлат ташкилотлар фаолиятини тўхтатган ёки “тугатиш арафасида”.

2022-йилнинг май ойида ТБМВдаги воқеалардан сўнг Помир ҳуқуқшунослари уюшмаси раҳбари, Тожикистондаги Қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти коалицияси ҳамда Комиссия 44 аъзоси Манучеҳр Холиқназаров ҳибсга олинган эди.

Тожикистон Олий суди 2022 йил декабрида уни “жиноий жамоа ташкил этиш” ва “экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этиш”да айблаб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилган. Манучеҳр Холиқназаров ўз айбига иқрор бўлишдан бош тортди. Холиқназаров қамалгач, у раҳбарлик қилаётган Помир ҳуқуқшунослари уюшмаси ўз фаолиятини тўхтатди.

XS
SM
MD
LG