Ссылки доступа

CPJ Душанбени ҳибсдаги журналист Хуршед Фозиловни озод қилишга чақирди


CPJ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Тожикистон ҳукуматини март ойи бошида ҳибсга олинган журналист Хуршед Фозиловни озод қилишга яна бир бор чақирди.

8 май кунги мурожаатида CPJ Душанбени ҳибсга олинган ва судланган бошқа журналист ва блогерларни ҳам озод қилишга чақирди.

Хуршед Фозилов 6 март куни Пенжикент шаҳар меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги бўлими биносида ушланган. Вилоят журналисти маҳаллий ва хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилиб, асосан Зарафшон водийси аҳолисининг муаммолари ҳақида ёзган, кўпинча маҳаллий ҳокимиятни танқид қилган. У ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлган.

Журналист ОАВ ёки интернет орқали Тожикистон конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга даъват қилганликда айбланган. Журналист беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Хуршед Фозилов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Тожикистон Конституцияси ва қонунлари доирасида ҳаракат қилганини айтган. Бундан ташқари, у Сўғд вилояти прокуратурасига ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, шахс дахлсизлиги тамойилига риоя қилинмагани ва айбни бўйнига олишга мажбурлагани юзасидан шикоят қилган.

Ўтган йили Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Улардан тўрт нафари Далери Имомали, Абдулло Гурбатий, Абдусаттор Пирмуҳаммадзода ва Завқибек Саидамини тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбдор деб топилди. Журналистларнинг ўзлари ва уларнинг яқинлари бу айбловларни рад этишмоқда. Айрим журналистлар тергов изоляторида қийноққа солинганини даъво қилган.

Бир қанча халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Душанбени журналист ва блогерларнинг ҳибсга олингани учун танқид қилиб, уларни озод қилишга чақирган, бироқ Тожикистон расмийларидан ҳеч қандай жавоб йўқ.

XS
SM
MD
LG