Ссылки доступа

Экологик партия ўз раисини президентликка номзод ўлароқ кўрсатди


Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши 11 май куни ўзининг навбатдан ташқари пленумини ўтказган.

Унда партиянинг бўлажак съездида МК Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаевни Ўзбекистон президенти лавозимига номзод ўлароқ кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган 50 ёшли Абдушукур Ҳамзаев Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини (1995 йил) ва Давлат бошқаруви академиясини (2013 йил) тамомлаган. Мутахассислиги агроном бўлган профессор Ҳамзаев Экопартияга раис этиб сайлангунига қадар партия МК ижроия қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

Абдушукур Ҳамзаев Ўзбекистондаги сиёсат майдонида танилган шахслардан бири эмас. 2021 йили ўтказилган президент сайловида Экопартиядан президентликка номзод ўлароқ Нарзулло Обломуродов кўрсатилган эди. Марказий сайлов комиссияси расмий маълумотига кўра, ўша сайловда Экопартия вакили 4,1 фоиз овоз олган.

Бир ярим йил аввал ўтказилган президент сайловида ҳам, ундан аввалги сайловларда ҳам танқидчилар Ўзбекистонда амалдаги президентга ҳақиқатан рақиб бўла оладиган мухолифат вакиллари сайлов пойгасига яқинлаштирилмагани, номзодлар мамлакатда расман рўйхатга олинган “чўнтак партиялар”дан кўрсатилиши, парламент ҳам шу партиялар вакилларидан шакллантирилишини таъкидлаб келишган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови шу йилнинг 9 июлига белгилангани, сайлов кампанияси эса 10 майдан бошлангани ҳақида хабар қилган.

МСК президентликка номзод кўрсатажак партиялар ўз номзодларини 17 майдан 1 июнгача кўрсатишлари мумкинлиги, номзодни рўйхатга олишга оид ҳужжатлар 2 июнь куни якунланишини очиқлаган.

XS
SM
MD
LG