Блогер Нурбек «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодировнинг пленумдаги нутқи матнини эълон қилди.
«Партия ўтган парламент ва президентлик сайловларида олдига дастурий мақсад сифатида белгилаган 237 та мақсаддан 143 таси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг саьйи ҳаракатлари натижасида амалга ошган. Партиямизнинг барча фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда муддатидан илгари президентлик сайловларида ЎзЛиДеП билан биргаликда амалдаги президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаш таклифини бермоқчиман», — дея таъкидлайди депутат.
Унинг сўзларига кўра, «бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилмоқда». «Биз амалдаги президент атрофида мустаҳкам бирлашиб, она ватанимиз қудрати ва халқимиз фаровонлигини таьминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур», — дейди Алишер Қодиров.
12 май куни Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатганди.
Шундай қилиб, барча партиялар томонидан президентликка номзодларнинг номлари аниқланди. Экологик партиядан етакчиси Абдушукур Хамзаев, Халқ демократик партиясидан — Улуғбек Иноятов, «Адолат» социал-демократик партиясидан эса Робахон Маҳмудова номзоди илгари сурилди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумида партия ЎзЛиДеП билан биргаликда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.