Ссылки доступа

Етакчи давлатлар байкот қилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади


Тошкентда 1 майдан 14 майгача ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбек боксчилари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Бу ўзбек боксчилари жаҳон чемпионатлари тарихида эришган илк рекорд натижадир, деб билдирди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.

Олтин медалларга Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халоков, Руслан Абдуллаев, Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Баҳодир Жалолов сазовор бўлди. Ойбек Жўраев ва Саиджамшид Жафаров кумуш медалларга, Аълохон Абдуллаев ва Лазизбек Мулложонов бронза медалларга эришди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг билдиришича, жаҳон чемпионатида юздан ортиқ мамлакатдан 550 нафарга яқин боксчи иштирок этган.

Тошкентда ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати дунёнинг 12 давлати томонидан байкот қилинган. Бу давлатлар АҚШ, Британия, Германия, Канада, Швеция, Польша, Нидерландия, Норвегия, Ирландия, Чехия, Швейцария ва Украинадир.

Байкотга Бокс бўйича халқаро ассоциация (IBA) чемпионатда Россия ва Беларусь спортчиларига ўз мамлакатлари байроқлари остида иштирок этишга рухсат бергани сабаб бўлган.

Халқаро олимпия қўмитаси Россия ва Беларус спортчиларини халқаро мусобақаларда ўз давлатлари байроқлари остида иштирок этишини тақиқлаган эди. IBA қарори ортидан Халқаро олимпия қўмитаси боксни 2024 йилги олимпиада ўйинлари таркибига киритмай қўйиши мумкинлигини билдирган.

XS
SM
MD
LG