Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) прогнозларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари: Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иқтисоди 2023 йилда умумий ҳисобда ўртача 5,2 фоизга ўсади. Бу ҳақда ташкилотнинг “Минтақавий иқтисодий прогноз” ҳисоботида келтириб ўтилган.
“Россиядан корхоналар ва жисмоний шахсларнинг кўчиши, бошқарувнинг яхшиланиши, товарлар экспортининг кўпайиши ва Хитой билан янги алоқалар туфайли минтақада 2024 йилда тахминан 5,4 фоиз иқтисодий ўсиш бўлиши кутилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодлари Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ нохуш геосиёсий ҳодисага чидамлилигини кўрсатди. Минтақа иқтисодларининг аксарияти халқаро фирмаларнинг Россия бозоридан чиқиб кетиши натижасида юзага келган бўшлиқда воситачи сифатида, ўз маҳсулотларини етказиб бериш орқали Россия билан савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Марказий Осиёга хориждан пул ўтказмалари ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса банк депозитлари ва фойданинг ошишига хизмат қилди. Россия фирмалари ва жисмоний шахсларининг кўчирилиши чакана савдо, кўчмас мулк ва меҳмонхона тизимида талабни оширди”, дейилади ЕТТБ ҳисоботида.
“Қирғизистонда солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилгани норасмий секторни қисқартириш ва солиққа тортиш базасини кенгайтириш орқали ҳам бу ўсишга хизмат қилмоқда. Реал ялпи ички маҳсулот 2023 йилда 7 фоизга, 2024 йилда эса 7,2 фоизга ўсиши кутилмоқда”, — деб кутмоқда ЕТТБ.
Қайд этилишича, Россиядаги кучли ишчи кучи талаби ва рублнинг мустаҳкамланиши фонида меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳам ошган.
“2023 йилнинг биринчи чорагида минтақа бўйлаб ўсиш давом этди, аксарият мамлакатларда истеъмол нархлари инфляцияси марказий банклар томонидан белгиланган мақсадли диапазонлардан анча юқори бўлди. Минтақа иқтисодлари яқин келажакда тез суръатлар билан ўсишда давом этиши мумкин, бироқ фоиз ставкалари, инфляция ва хомашё баҳосидаги глобал тенденцияларга нисбатан ноаниқлик сақланиб қолмоқда”, дея таъкидлашган ЕТТБ экспертлари.
Йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларига инвестициялар ўрта муддатли истиқболда ЯИМ ўсишига ҳисса қўшиши мумкин.
“Шунга қарамай, заифликлар кредит шартларининг қаттиқлашиши ва Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқлиги билан боғлиқ”, — дея хулоса қилди ЕТТБ.