Ссылки доступа

Тошлоқ тумани бош имоми Шукрулло Эгамбердиев ишдан олинди


Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми Шукрулло Эгамбердиев вазифасидан озод қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумотига кўра, бу қарорга ЎМИ Ички назорат комиссиясининг 16 май куни ўтказилган йиғилишида келинган.

Мазкур йиғилишда эл орасида “Шукрулло домла” номи билан танилган имомнинг ижтимоий тармоқлардаги эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари муҳокама қилинган.

“Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди”, дейилган хабарномада Шукрулло Эгамбердиевни туман бош имом-хатиби вазифасидан озод қилиш билан биргаликда унга “ҳайфсан” интизомий жазоси бериш ҳақида ҳам хулоса қилингани урғуланган.

“Шукрулло домла”нинг яқинда ўзбекистонлик мигрантлар Россияда кўча супураётгани, “чўчқанинг тагини” тозалаётгани ҳақида кескин чиқиш қилгани норозиликларга сабаб бўлган эди. Бу ҳақда кейинроқ имом Инстаграмдаги саҳифасида изоҳ бериб, мазкур фикрлари билан илм олишнинг аҳамиятига урғу бермоқчи бўлганини иддао қилган.

Аввалроқ Шукрулло Эгамбердиевнинг битирув кечаларида синфдошлари билан рақс тушаётгани, бунақа “вальс тушаётган қизлар”ни келажакда “ҳеч ким хотин қилиб олмаслиги”га оид чиқиши ҳам эътирозларга сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG