Ссылки доступа

Ироқдаги қамоқхонада очлик эълон қилган аёллар норозилик акциясини тўхтатди


Бағдоддаги “Русафа” қамоқхонаси маъмурияти очлик эълон қилган россиялик аёлларни ўз ватанига қайтаришга ваъда берди. Бу ҳақда Kavkaz.Realii нашрига қамоқхонада очлик эълон қилган аёллардан бири хабар берди.

“Русафа”да сақланаётган россиялик ва марказий осиёлик ўнлаб аёл ўзларига нисбатан очилган жиноят ишлари қайта кўриб чиқилишини ва ватанларига қайтарилишини талаб қилиб уч ҳафта олдин очлик эълон қилган эди.

Kavkaz.Realii нашрининг хабар беришича, очлик эълон қилганлар орасида Ўзбекистон, Доғистон, Чеченистон, Россия, Озарбайжон, Туркия фуқаролари ҳам бор.

Хабарда айтилишича, ҳозирда 21 нафар россиялик аёлни ватанига қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда. Қолганларнинг тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум.

“Русафа” қамоқхонасида ўтирган қирғизистонлик 40 нафар аёл апрель ойи бошида Озодликнинг қирғиз хизмати орқали ҳукуматга мурожаат қилган ва ўзларини Ироқдан олиб кетишни сўраган эди. Улар 2013-2015 йилларда эрлари ва болалари ортидан Сурия ва Ироққа келиб қолганларини, Бағдодда “террор ташкилоти аъзоси” сифатида судланишганини айтишган.

Reuters агентлигининг билдиришича, 2021 йил 19 мартдаги ҳолат бўйича, “Русафа” қамоқхонасида 494 нафар хорижлик аёл сақланмоқда. Улар 18 давлатдан келган фуқаролардир.

XS
SM
MD
LG