Ссылки доступа

Ўзбекистонда 1 июлдан “Яшил энергия” сертификатлари тизими жорий этилади


Ўзбекистон президентининг 12 майда қабул қилинган “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 156-сон қарори 15 майдан кучга кирди, деб билдирди Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали.

“Яшил энергия” сертификатлари электр энергияси қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва бу тизим босқичма-босқич жорий этилади.

Қарорга асосан 1 июлдан бошлаб “Яшил сертификат” “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун, 1 октябрдан эса қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун берилади.

Бир дона сертификат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди.

“Яшил энергия” сертификатлари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради, эркин муомалада бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ёки усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказилиши мумкин.

Сертификатларни ишлаб чиқариш сертификатлар ягона электрон платформаси орқали халқаро стандартлар талаблари асосида амалга оширилади. “Яшил энергия” сертификатларини чиқариш, бериш, ҳисобдан чиқариш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ муносабатларга қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилмайди.

Генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадлари фойда солиғидан озод этилади. “Яшил энергия” сертификатларини харид қилишга доир харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киради.

XS
SM
MD
LG