Ссылки доступа

Қозоғистон ва Хитой ўзаро визасиз режим тўғрисида шартнома имзолади


Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпин йигирмадан ортиқ ҳужжат, жумладан, ўзаро виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар берди Тоқаевнинг матбуот хизмати.

Шартнома 30 кунлик муддатга ўзаро визасиз саёҳатларга рухсат беради.

Айни пайтда, 17 май куни Олмаота полицияси рўйхатдан ўтмаган “Атажурт” партияси етакчиси Бекзат Мақсутхонулини ҳибсга олди, деди чоршанба куни унинг адвокати Шинкуат Байжанов Озодликка.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Мақсутхонули бугун эрталаб унга қўнғироқ қилиб, у Авэзов тумани ИИБда эканлиги ва маъмурий суд бўлиши кутилаётганини айтган. Мақсутхонула тарафдорлари ижтимоий тармоқларда партия етакчисини зудлик билан озод этиш ва ташкилот тарафдорларига нисбатан таъқибларни тўхтатиш талаби билан постлар чоп этмоқда. Айримларнинг фикрича, партия етакчисининг ҳибсга олиниши Хитой расмийларига ёқиш учун қилинган.

Олмаота полиция департаменти матбуот хизматидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Бекзат Мақсутхонули яқинда Nagyz Atajurt Kazakh Human Rights ташкилотининг YouTubeдаги саҳифасида Қозоғистон ва Хитой ўртасида визасиз режимга қарши митингга чиқиш ниятида эканлигини айтди. Мақсутхонулининг айтишича, у митинг ўтказиш нияти ҳақида аввалроқ ҳокимликни хабардор қилган ва рад жавоби олмаган.

Ўтган йилнинг июль ойида Қозоғистон бир томонлама тартибда Хитой фуқаролари учун 14 кунлик визасиз режимни очган эди. Ҳиндистон ва Эрон фуқаролари учун ҳам Қозоғистон ҳукумати томонидан туристик, шахсий ва бизнес мақсадларида ишлаш ҳуқуқисиз саёҳат қилишни назарда тутувчи худди шундай режим жорий қилинган.

XS
SM
MD
LG