Ссылки доступа

Осиё инфратузилма сармоялари банки Роғун ГЭСи учун Тожикистонга 500 миллион доллар ажратади


Рогунская ГЭС. Архивное фото
Рогунская ГЭС. Архивное фото

Осиё инфраструктуравий инвестициялар банки (ОИИБ) Тожикистонга Роғун ГЭСини қуриш учун имтиёзли шартларда 500 миллион доллар беради. Бу ҳақда банк раиси Цзинь Лицюн Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан 17 май куни Пекинда ўтган учрашуви чоғида маълум қилди.

Мазкур маблағ қачон берилиши ва имтиёзли шартлар нималардан иборат экани тўғрисида маълумот йўқ.

Президент Эмомали Раҳмон 16 майда Хитойга давлат ташрифини бошлаган эди. У 18-19 май куни Сиан шаҳрида ўтадиган “Марказий Осиё-Хитой” саммитида иштирок этади. Раҳмон саммитга қадар Пекинда бўлиб, қатор расмийлар билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур саммитда иштирок этиш учун 17 май куни Хитойга давлат ташрифи билан борди. 18 май куни Мирзиёевнинг Хитой расмийлари билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Саммитга Хитой раиси Си Цзиньпин раислик қилади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этади. Бу Хитой ва минтақадаги беш давлат раҳбарларининг 31 йил ичида тўлиқ форматдаги биринчи учрашуви бўлади.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов Тожикистонда “Роғун” ва Қирғизистонда “Қамбарота-1” гидроэнергетик иншоотлари қурилишига қарши туриб келган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон минтақадаги мазкур лойиҳалар бўйича ҳамкорликк қилишга қизиқиш билдирган. Жумладан, 2018 йилнинг мартида Тожикистонга қилган сафари чоғида президент Мирзиёев Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этишга тайёрлиги тўғрисида баёнот берган эди. Бироқ шу кунгача бу борада амалий ҳаракатлар бошланган эмас.

XS
SM
MD
LG