Ссылки доступа

Россия Эрондаги темир йўл қурилиши лойиҳаси учун 1,3 млрд евро қарз беради


Россия Эрондаги Рашт-Астара темир йўли қурилишига 1 миллиард 300 миллион евро миқдорида кредит ажратади. Бу ҳақда Россия бош вазирининг ўринбосари Александр Новак 17 май куни темир йўл қурилишига оид битим имзоланганидан кейин маълум қилди.

“Коммерсантъ” нашри хабарига кўра, мазкур тадбирда видеоалоқа орқали Россия ва Эрон президентлари – Владимир Путин ва Иброҳим Раисий иштирок этишган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 600 миллион еврога баҳоланмоқда. Новакка кўра, давлатларо кредитда Россия улуши 85 фоизни ташкил қилади.

Рашт-Астара темир йўли “Шимол—Жануб” халқаро транспорт йўлагининг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Мазкур йўналиш Россияга Яқин Шарқ мамлакатлари ва Ҳиндистон билан савдо қилиш учун Форс кўрфазидаги Эрон портларига кириш имконини бериши айтилмоқда.

Темир йўл орқали ташиладиган юк ҳажми йилига камида 15 миллион тоннани ташкил қилиши кутилмоқда. Рашт-Астара темир йўлини 2025 йилга бориб фойдаланишга топшириш режаланган.

XS
SM
MD
LG