Ссылки доступа

Тожикистонлик журналист Хуршед Фозиловнинг иши судига юборилди


Тожикистонлик журналист Хуршед Фозиловнинг иши Пенжикент шаҳар судида кўриб чиқилади. Бу ҳақда судланувчининг адвокати Дилафруз Самадова маълум қилди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Сўғд вилояти бўйича терговчилари томонидан тергов қилинди. Хуршед Фозилов пенжикентлик эканидан келиб чиқиб, ишни шу шаҳар судига юборишга қарор қилинди, дея қўшимча қилди адвокат.

Хуршед Фозилов устидан суд жараёнининг бошланиш санаси ҳали маълум қилинмади.

10 май куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси терговчилари журналист Хуршед Фозиловга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилишни якунлаб, айблов хулосасини тасдиқлаш учун прокуратурага топширди.

Хуршед Фозилов 6 март куни Пенжикент шаҳар меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги бошқармаси биносидаги иш хонасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фозиловга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 2-қисми (Сиёсий партиялар, жамоат ёки диний бирлашма ёки уларга нисбатан суд томонидан уларни тугатиш ёки фаолиятини тақиқлаш тўғрисида якуний қарор қабул қилган бошқа ташкилот фаолиятида иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Журналист беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Хуршед Фозилов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Тожикистон Конституцияси ва қонунлари доирасида ҳаракат қилганини айтади.

Хуршед Фозилов ўтган ёздан бери тожик расмийлари томонидан ҳибсга олинган саккизинчи журналистдир. 2022 йилда Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG