Ссылки доступа

Қирғизистонда Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Елена Калашникова қўлга олинди


Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Елена Калашникова ва вице-президент Александр Валитов қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, махсус хизматлар мақсадларни амалга ошириш учун ажратилган маблағларнинг “кенг кўламда исроф қилингани”, уларнинг мақсадсиз сарфлангани, жамғарма раҳбариятининг асоссиз юқори маошлари ва объектларни ошириб юборилган маблағлар билан қуриш ҳолатлари аниқланган.

“Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Коррупция” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғармада тинтувлар ўтказилиб, тергов билан боғлиқ молиявий ҳужжатлар олиб қўйилди. Қўлга олинган ҳужжатларнинг дастлабки таҳлили шуни кўрсатдики, 2022 йилда жамғармага республика бюджетидан 1 миллиард сом ажратилган бўлиб, унинг 608 миллион сомдан ортиғи туризмни ривожлантириш соҳасидаги қатор лойиҳаларга сарфланган. Шу тариқа, 21 та дам олиш маскани қурилиши лойиҳаси бўйича пудратчилар шартнома суммасининг 100 фоизини – 105 миллион сомдан ортиқ маблағни олди. Бирорта ҳам объект фойдаланишга топширилмаган, лойиҳа-смета ҳужжатлари, бажарилган ишлар далолатномалари ва молиялаштириш асослари мавжуд эмас”, — дейилади вазирлик хабарида.

Якка тартибдаги дам олиш пунктларини қуриш қиймати, дастлабки маълумотларга кўра, деярли икки бараварга ошган ва 13 миллион сомдан ортиқ маблағни ташкил этади. Турли туристик объектларни ривожлантириш бўйича концептуал ғояларни тайёрлаш бўйича хорижий компаниялар билан тузилган кўплаб шартномалар алоҳида эътиборга лойиқдир. Ҳар бир шартнома нархи 40 дан 256 минг еврогача ўзгариб туради, бунинг учун 715 минг евродан ортиқ маблағ сарфланган.

Жамғарма президенти ва вице-президенти Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Туризмни ривожлантириш жамғармаси идораси ва ташкилот раҳбарининг уйи тинтув қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси туристлар учун дам олиш масканлари қуриш лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция факти бўйича жиноий иш қўзғатди.

XS
SM
MD
LG