Ссылки доступа

Си Жинпин Марказий Осиё мудофаасини мустаҳкамлашга ёрдам беришга ваъда берди


Хитой Марказий Осиё давлатларига мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда ХХР раиси Си Жинпин 19 май куни Циян шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой-Марказий Осиё” саммитидаги нутқи чоғида айтиб ўтди.

«Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот идораларининг хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришга, минтақавий хавфсизликни сақлаш ва терроризмга қарши курашда мамлакатларни қўллаб-қувватлашга тайёр», - деди у.

Хитой раҳбари, хусусан, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлаб, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби соҳаларда «аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлаш»ни таклиф қилди.

18-19 май кунлари Циан шаҳрида бўлиб ўтаётган саммит Марказий Осиёнинг бешта республикаси раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтмоқда. Саммитда иштирок этиш учун Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевдан ташқари, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Хитойга келди.

Хитой раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Си Жинпин сентабрь ойида Остонага ташрифи чоғида «умумий хавфсизлик»ни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлаган эди. У, хусусан, ўз мамлакати «ҳуқуқ-тартибот идоралари, махсус хизматлар ва мудофаа бўлимлари йўналишида» ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди.

Саммитда Хитой раҳбари, шунингдек, минтақа давлатларини Хитойга нефть ва газ етказиб бериш ҳажмини ошириш, энергетика ва атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди. Reutersнинг қайд этишича, Хитой Марказий Осиёдаги «анъанавий» ўйинчи сифатида кўрилган Россия Украинадаги урушга ресурсларни тўлдираётган бир пайтда Марказий Осиёнинг собиқ Совет республикалари билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини кучайтирмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йилда 24,1 миллиард долларни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўпдир.

Бир кун аввал Остона ва Пекин умумий қиймати 22 миллиард долларлик 47 та ҳужжат имзолаган, деб хабар берди Оқорда. Хитой Қозоғистон иқтисодиётига, биринчи навбатда, даромад келтирувчи энергетика соҳасига ўнлаб миллиард доллар сармоя киритди ва мамлакатдан «Бир камар, бир йўл» ташаббуси, Пекиннинг стратегик инфратузилмаси ва ташқи сиёсати лойиҳасининг старт майдони сифатида фойдаланди.

XS
SM
MD
LG