Озодлик радиоси таҳририятига Тожикистон ҳукумат томонидан 28 апрелда қабул қилинган ва 5 майда мамлакат Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ҳужжатнинг нусхаси келиб тушди.
Ҳужжат қоидасига кўра, террорчиларнинг жасадлари, маҳаллий ҳокимият органлари ва кўмишни амалга оширувчи ташкилот тергов органлари кўрсатган жойга кўмилиши лозим. Бундан ташқари, қонунга кўра, террорчи дафн этилган жой ҳақида ҳеч кимга маълумот берилмайди.
Шунингдек, дафн қилинганларни рўйхатга олиш китобида террорчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган ва вафот этган санаси ҳамда қабрининг рақами кўрсатилмайди. Қоидага кўра, ҳужжатда фақат ўлим тўғрисидаги тиббий маълумотнома қачон ва ким томонидан берилгани, дафн этишни амалга оширувчи ташкилотнинг номи ва манзили кўрсатилади. Жасад дафн этиладиган қабристонга ёпиқ тобутда етказилади.
Қоидаларда айтилишича, бошқа давлатлардан Тожикистонга келган, аксилтеррор операцияси давомида ҳалок бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўлими тўғрисида тегишли давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали хабардор қилинади.
Тожикистон расмийлари аввалроқ террорга қарши амалиётлар чоғида ҳалок бўлганларнинг жасадларини қариндошларига дафн қилиш учун олиб кетишга рухсат берган. Ўшанда дафн маросимида марҳумнинг чекланган миқдордаги қариндошлари иштирок этишигина мумкин эди. Жасад ўликхонадан қабристонга ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида етказилган.