Ссылки доступа

Лавров: Санкцияларга қарамай Ўзбекистон билан барча соҳалардаги ҳамкорлигимиз шиддат билан ривожланмоқда


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 22 май куни Москвада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашуви чоғида: “Санкцияларга қарамай Ўзбекистон билан барча соҳалардаги ҳамкорлигимиз шиддат билан ривожланмоқда”, - деб билдирди.

Бу борадаги маълумот Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.

Лавровга кўра, 2022 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 26 фоизга ўсган ва 9 миллиард долларга яқинлашган. Жорий йилнинг январь ва февралида савдо айланмаси 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга кўпайган.

Лавров бугунги кунда Россияда давлат бюджети ҳисобидан 12 минг ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётганини, янги ўқув йилида 800 ўзбекистонлик талаба қабул қилишга квота ажратилганини таъкидлади.

“Кеча Тошкентдаги Навоий номидаги Давлат академик катта театрида уникал халқаро лойиҳа “Рус мавсуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди, унда бизнинг катта делегациямиз қатнашмоқда”, - деди Лавров.

ТАССнинг хабар беришича, Бахтиёр Саидов Лавровнинг бу гапларига жавобан: “Россия Федерацияси бизнинг табиий ва яқин ҳамкоримиз”, - деб айтган.

Саидов Тошкент Москва билан “ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги драйверларини излашда, мавжуд захиралардан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик динамикасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришда давом этиши” ни таъкидлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида мазкур учрашув тўғрисида 23 май куни, Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, ҳеч қандай маълумот берилмади.

XS
SM
MD
LG